Жиноятчиликка қарши курашиш давом этмоқда
Навоий вилояти Қизилтепа тумани ИИБ ва Миллий гвардия бошқармаси ҳамкорлигида туман ҳудудини жиноятдан холи ҳудудга айлантириш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кенгайтирилган профилактик тадбирлар ўтказиб борилмоқда.
Тадбирлар давомида тунги вақтда бемақсад юрган 10 нафар шахс туман ИИБ биносига олиб келиниб, профилактик суҳбат ўтказилди. Улардан 4 нафари маст ҳолатда эканлиги аниқланиб, наркология диспансерига жойлаштирилди. 1 нафар қидирувда бўлган шахс ушланди.

Ўтказилган тадбир давомида туман ҳудудида қаровсиз қолдирилган 12 та нарса-буюмлар кимга тегишли эканлигига аниқлик киритилди. Шунингдек, тадбирлар давомида 90 нафар шахс таянч пунктига олиб келинди ва улар билан профилактик суҳбатлар олиб борилиб, 37 нафар шахс профилактик ҳисобга олинди, 30 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Бундан ташқари, туман ҳудудида тунги вақтларда фаолият кўрсатиб келаётган ЙҲХБ ходимлари томонидан 8 нафар автомашинасини маст ҳолатда бошқарган шахслар ва 1 та ноқонуний тонировка қилинган машина аниқланган. Шунингдек, 15 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 6 та автомашина жарима майдончасига жойлаштирилган.
Туман ҳудудида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида тадбирлар давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА