Жиноятчиликка қарши кураш янги босқичда
Тинчлик ва осойишталик — ҳар қандай жамият тараққиётининг энг муҳим омили ҳисобланади. Фуқароларнинг хавфсиз ҳаёт кечириши, маҳаллаларда соғлом муҳитнинг қарор топиши, ёшларнинг келажакка ишонч билан интилиши мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдеворидир. Шу боис юртимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил амалга оширилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар йўлида мамлакатимиз ҳудудида жорий йилнинг 1 июлидан 31 июлига қадар “Хавфсиз ва соғлом юрт” комплекс тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги ўтказилмоқда. Ушбу кенг кўламли ойлик доирасида Бухоро вилоятида ҳам ҳуқуқ-тартиботни янада мустаҳкамлаш, криминоген вазиятни барқарор сақлаш ва аҳоли осойишталигини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар жадал давом этмоқда.
Ойлик муносабати билан Бухорода ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ташкилотлари ва масъул идоралар иштирокида тунги йўриқнома ўтказилди. Тадбирда ойлик доирасида белгиланган вазифаларни сифатли амалга ошириш, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳитни таъминлаш ҳамда профилактика ишларини кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, ойлик тадбирларини мувофиқлаштириш мақсадида вилоят, шаҳар ва туманларда махсус штаблар ташкил этилган бўлиб, барча куч ва воситалар ягона режа асосида сафарбар этилган.
Дастлабки натижалар амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини яққол намоён этмоқда. Хусусан, 1–6 июль кунлари мобайнида вилоят ҳудудида қотиллик, босқинчилик, безорилик ҳамда автомашина олиб қочиш каби ўта оғир жиноятларнинг содир этилишига йўл қўйилмади. Шунингдек, қидирувда бўлган 12 нафар шахс ушланиб, бедарак йўқолган 10 нафар фуқаро топилди.
Гиёҳвандликка қарши кураш йўналишида ҳам салмоқли натижалар қайд этилди. Тезкор тадбирлар давомида қарийб 2 килограмм гиёҳванд модда, 22 минг 594 дона психотроп дори воситасининг ноқонуний муомалага киритилиши барвақт бартараф этилди. Шу билан бирга, таркибида гиёҳванд моддалар сақловчи 118 туп ўсимлик аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида амалга оширилган профилактик ишлар натижасида 117 та жиноий ва 823 та маъмурий ҳуқуқбузарликнинг олди олинди. Ахборот технологиялари орқали содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши кураш доирасида 22 та кибержиноят фош этилди.
Шунингдек, тиббиёт муассасалари ҳисобида турган 600 нафарга яқин шахс даволаш муассасаларига жойлаштирилди. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган 15 нафар фуқаро Реабилитация марказига юборилди. Пробация ҳисобида турган 4 минг 700 нафардан ортиқ шахс билан эса манзилли профилактик ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Ижтимоий профилактика объекти сифатида рўйхатга олинган 2 минг 981 нафар фуқаронинг муаммолари ўрганилиб, уларга берилган хулосалар асосида амалий ёрдам кўрсатилди. Бу эса ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ижтимоий ёндашув муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатади.
Йўриқнома давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари, мутасадди ташкилотлар ва “маҳалла еттилиги” вакилларига аниқ вазифалар белгилаб берилди. Аввало, уйма-уй юриб, маҳаллаларда криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар бир омилни аниқлаш ва уни зудлик билан бартараф этиш зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, ишсиз фуқароларни, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни бандликка жалб қилиш, оилавий низоларнинг олдини олиш, ижтимоий профилактика объекти ҳисобланган шахсларнинг муаммоларини ҳал этиш барча масъуллар учун устувор вазифа сифатида белгиланди.

Таъкидланганидек, жиноятчиликка қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки маҳалла, давлат ташкилотлари ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлигида амалга оширилгандагина юқори самара беради. Шу боис ҳар бир оила, ҳар бир кўча, ҳар бир маҳаллада профилактика ишларини изчил ташкил этиш, фидойилик ва масъулият билан ёндашиш барча раҳбарлар ҳамда соҳа ходимларининг кундалик фаолиятига айланиши лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи Ботир Қудратхўжаев ҳамда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди.
“Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасидаги чора-тадбирлар 1 августга қадар изчил давом эттирилади. Энг муҳими, ушбу саъй-ҳаракатлар ҳар бир маҳаллада тинчликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши муросасиз курашиш ва аҳоли учун хавфсиз ҳаёт муҳитини яратишга хизмат қилиб, Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва жамоат хавфсизлиги энг олий қадрият эканини яна бир бор амалда намоён этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири