Жиноятчиликка қарши кураш муҳим вазифа
Нукусда жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этилишига йўл қўйилмаган, муаммоларнинг ўз вақтида ижобий ечим топишида, ёрдамга муҳтож оилалар, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан ишлашдаги, ҳудуднинг инфратузилмасини ривожлантиришдаги фидойилиги учун маҳалла раисларини тақдирлаш маросими бўлди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири С.Турманов таъкидлаганидек давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 февраль куни Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида берган топшириқларининг ижросини таъминлаш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан жорий йилнинг 1-7 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикасида жиноятчиликка қарши курашни "маҳаллабай" ташкил этиш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида барча шаҳар-туманларда амалга оширилаётган ишлар бўйича ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишлар якунига бағишлаб ўтказилган йиғилишда амалга оширилган ишлар билан бирга йўл қўйилаётган камчиликлар танқид қилинган эди.
Жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг мол-мулкларини ишончли муҳофаза қилиш, ёшлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йили давомида Қорақалпоғистон Республикасидаги 416 та маҳалладан 174 тасида, жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида 419 та маҳалладан 279 тасида бирорта жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этилмаган. Шу билан бирга ҳудудида жиноятчилик ошган маҳаллалар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 111 тадан 105 тага камайишига эришилди. Бунда ички ишлар органлари билан бирга маҳалла раислари ҳамда ходимларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
[gallery-2833]
Тадбирда 15 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғини раисига пул мукофоти топширилди.
Тақдирланганлар номидан Чимбой туманидаги “Ипак йўли” маҳалла фуқаролар йиғини раиси А.Қудайбергенова, Нукус шаҳридаги “Сарвиноз” маҳалла фуқаролар йиғини раиси М.Аминов меҳнатларини муносиб баҳолагани учун миннатдорлик билдирди. Келгусида ҳам билим ҳамда тажрибасини аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга сарфлашини билдирди.
– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда аҳоли, шу жумладан ёшлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳудудимизда бирорта жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этилмаганлигининг асоси бўлди,– дейди Беруний туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жонибек Қиличев. – Шу жумладан, тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларга экин майдонларининг ажратилиб берилиши ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Тадбир якунида маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, бу борадаги вазифалар белгилаб олинди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА