Жиноят ишларида адвокатнинг иштироки кенгаймоқда
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида адвокатлар гуруҳи тингловчилари учун “Жиноят ишларини кўришда адвокатнинг иштироки” мавзусида ўқув машғулоти ўтказилди.
Маълумки, жиноят процессида адвокатнинг иштироки фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, адолатли судловни таъминлаш ҳамда қонун устуворлигига эришишнинг энг муҳим кафолатларидан биридир. Давлатнинг ҳуқуқий демократик тамойилларга содиқлиги биринчи навбатда ҳар бир шахсга тергов ва суд жараёнида малакали юридик ёрдамдан фойдаланиш учун яратилган шароитлар билан белгиланади.
Машғулотни Олий суд судьяси Қ.Мирсафаев олиб борди. Амалиётчи мутахассиснинг суд фаолиятида тўплаган тажрибаси мавзуни ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан боғлиқ ҳолда ёритиш, жиноят процессида адвокат иштирокининг аҳамиятини чуқурроқ англаш имконини берди.

Судьянинг касбий тажрибасига таянган ёндашуви тингловчилар учун назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш ҳамда ҳимоячи сифатидаги фаолиятига янгича нигоҳ билан қарашда муҳим аҳамият касб этди. Институтда машғулотларга амалиётчи мутахассисларни жалб этиш орқали тингловчиларнинг касбий билим ва кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА