Жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди
Тошкент вилояти ИИББ Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилаётган тезкор тадбир давомида кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Чирчиқ шаҳри ҳудудида ташкил қилинган тезкор тадбирда 1997 йили туғилган фуқаро Ш.А. харидорга 19 дона “Зардекс” дори воситасини 1 миллион 200 минг сўмга сотган вақтида қўлга олинди. Унинг ёнида сотиш мақсадида сақланаётган 5 дона шу турдаги дори воситаси борлиги аниқланиб, ҳужжатлаштирилди. Ушланган шахс билан ўтказилган суриштирув ишлари натижасида ушбу дори воситасини Азамат исмли танишидан олгани аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилди. Орадан кўп ўтмай 1985 йили туғилган Азамат харидорга 6 миллион сўм эвазига 110 дона “Зардекс” дори воситасини сотган вақтида қўлга олинди. Унинг яшаш манзилидан 100 дона шу номадаги кучли таъсир қилувчи дори воситаси далилий ашё сифатида олинди. Тўрт кун давомида ўтказилган тезкор-қидирув ишлари натижасида кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланувчи 3 нафар шахсдан иборат жиноий гуруҳ ушланди. Улардаги нархи 200 миллион сўмга тенг бўлган психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари муомаладан олинди. Айни кунларда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича Тошкент вилоятида “Долзарб 40 кунлик” профилактик тадбирлари давом этмоқда.


А.Мусаев,ЎзА.