JICA вице-президенти Самарқандга келди
Самарқанд вилояти ҳокимлигида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ижрочи вице-президенти Катсура Миязаки бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди.
Вилоят ҳокими Адиз Бобоев агентлик билан ҳамкорликда таълим, қишлоқ хўжалиги, йўл ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инвестиция ва грант маблағларини жалб этиш ҳамда уларни амалга ошириш учун зарур шароитларни яратишга тайёр эканини билдирди.
Учрашувда томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Катсура Миязаки бошчилигидаги делегация аъзолари Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида ҳам бўлди.
Институт ректори, профессор Шавкат Ҳасанов муассасадаги таълим йўналишлари, илмий тадқиқотлар, халқаро ҳамкорлик алоқалари, жумладан, JICA билан биргаликда амалга оширилаётган хурмони қуритиш орқали қишлоқ оилалари даромадини оширишга қаратилган лойиҳа ҳақида маълумот берди.

Лойиҳа доирасида маҳаллий аҳоли учун ташкил этилган амалий машғулотлар, хурмони қуритиш бўйича тажрибалар ҳамда институт вакилларининг Японияга тажриба алмашиш ташрифлари самараси ҳақида сўз юритилди.
Учрашувда илмий тадқиқотлар ва тажриба алмашиш орқали Япониянинг илғор қишлоқ хўжалиги тажрибаларини маҳаллий шароитга мослаштириш ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида қайд этилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири