ЖЧ–2026: Конго Ўзбекистон термасига рақиб бўлди
Жорий йилнинг 11 июнидан 19 июлига қадар АҚШ, Канада ва Мексика давлатларида футбол бўйича Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Ушбу мундиалнинг гуруҳ босқичида Ўзбекистон миллий терма жамоасига рақиблик қиладиган сўнгги жамоа номи маълум бўлди.
Жумладан, қитъалараро ўтиш баҳси доирасида Конго Демократик Республикаси ҳамда Ямайка терма жамоалари ўзаро куч синашди. Мазкур учрашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. Қўшимча бўлимларда эса Конго Демократик Республикаси футболчиси Аксел Туанзебе 101-дақиқада гол уриб, жамоасига муҳим ғалабани тақдим этди — 1:0.

Шу тариқа, Конго Демократик Республикаси Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиб, “К” гуруҳидан жой олди.
Энди ушбу гуруҳда қуйидаги жамоалар ўзаро рақобат олиб боради:
— Португалия
— Ўзбекистон
— Колумбия
— Конго Демократик Республикаси

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ҳамда Конго Демократик Республикаси терма жамоалари ўртасидаги гуруҳ босқичининг 3-тур учрашуви 28 июнь куни Тошкент вақти билан соат 04:30 да старт олади. Ушбу баҳс АҚШнинг Атланта шаҳрида жойлашган “Мерседес-Бенц” стадионида бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА