ЖЧ-2026: “E” ва “F” гуруҳларида фаворитлар сараланди
Германия ва Швеция терма жамоалари рақибларини аяб ўтирмади.
XXIII маротаба ўтказилаётган футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг “E” ва “F” гуруҳларида биринчи тур учрашувлари ўз якунига етди.
Жумладан, “E” гуруҳида Германия ва Кюрасао терма жамоалари ўртасидаги баҳс 7:1 ҳисобида якунланган бўлса, Кот-д’Ивуар ва Эквадор терма жамоалари учрашувининг 90-дақиқасида Адама Диалло томонидан киритилган ягона гол Кот-д’Ивуарга муҳим ғалабани тақдим этди.
Натижада Германия ва Кот-д’Ивуар термалари 3 очко жамғариб, 1-2 поғонадан жой олган бўлса, Эквадор ҳамда Кюрасао термаси 3-4 ўринларни банд этди.

"F" гуруҳидан ўрин олган Нидерландия ҳамда Япония терма жамоалари ўртасидаги ўйин жанговар 2:2 ҳисобида ўз якунига етди. Учрашувда дастлаб Виржил ван Дейк 51-дақиқада ҳисобни очган бўлса, Кеито Накамура 57-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. орадан 7 дақиқа ўтиб нидерландияликларнинг иккинчи голига Саммервилл муаллифлик қилган бўлса, 89-дақиқада Даичи Камада рақиб дарвозасини ишғол этган ҳолда жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

Ушбу гуруҳнинг иккинчи ўйинида Тунис ва Швеция терма жамоалари тўқнашди. Голларга бой ўтган ўйинда Швеция 5:1 ҳисобида зафар қучди. Мазкур натижа шведлар учун 3 очкони келтириб, гуруҳда пешқадам бўлишига сабабчи бўлди. Япония ва Нидерландия биттадан очко билан, Тунис эса очкосиз қолган ҳолда илк турни якунлади.

Дарвоқе, ушбу гуруҳлардаги иккинчи тур ўйинлари 20 июнь куни бўлиб ўтади. Унда фаворитлар ва аутсайдерлар ўзаро тўқнашади.
Бугун мамлакатимиз вақти билан соат 22:00 да “H” гуруҳидан ўрин олган Испания ҳамда Кабо-Верде термалари ўзаро тўқнашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА