Жазоир делегацияси OKMK салоҳияти билан танишди
Жаҳон рангли металлургия саноатида ўз мавқеини мустаҳкамлаб бораётган Олмалиқ кон-металлургия комбинати билан стратегик шериклик ўрнатиш ва йирик инвестициявий лойиҳаларда иштирок этишга қизиқиш билдираётган хорижий давлатлар сони ортиб бормоқда. Жазоир Халқ Демократик Республикаси Тоғ-кон саноати вазири Мурод Ҳанифи бошчилигидаги делегациянинг Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташрифи ҳам ана шу халқаро қизиқишнинг амалий ифодаси бўлди.
Дастлаб меҳмонлар OKMK бошқаруви раиси Абдулла Хурсaнов ҳамроҳлигида “Металлург” маданият саройида жойлашган “Суюрлитепа ёдгорлиги” археологик кўргазмаси ҳамда комбинат тарихи музейида сақланаётган экспонатлар билан танишди. Шунингдек, маскандаги бадиий-ҳаваскорлик жамоалари фаолиятига ҳам қизиқиш билдирилди.
Ташриф давомида делегация аъзолари “Қалмоққир” ва “Ёшлик-1” конларида бўлиб, бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий технологиялар ва кончилик соҳасида қўлланилаётган илғор ечимлар ҳақида батафсил маълумот олди.
– Дунёда мис ишлаб чиқарувчи энг йирик корхоналардан бири бўлган OKMKга бугунги ташрифимиздан жуда хурсандмиз, – деди Жазоир Халқ Демократик Республикаси Тоғ-кон саноати вазири Мурод Ҳанифи. – Умид қиламизки, келгусида комбинат билан, айниқса, тоғ-кон саноати соҳасида узоқ муддатли ва самарали келишувларга эришамиз. Ўзбекистонга ташрифимиз икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонаман.

Делегациянинг навбатдаги манзили 3-Мис бойитиш фабрикаси бўлди. Корхонанинг юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий бошқарув тизимлари ва рақамли ечимлари хорижий меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, делегация вакиллари комбинат муҳандислик мактаби фаолияти билан танишиб, малакали мутахассислар тайёрлаш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш йўналишидаги ишлар ҳақида маълумот олди.

Жазоир Халқ Демократик Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жамила Ашур ҳам ташриф юзасидан ўз фикрларини билдирди.
– Сизларнинг гўзал шаҳрингизда бўлиб турганимиздан ниҳоятда мамнунмиз. OKMKнинг ишлаб чиқариш кўлами, эришаётган ютуқлари ва ривожланиш суръатлари, албатта, таҳсинга лойиқ. Бу Жазоир Халқ Демократик Республикаси тоғ-кон саноати соҳаси вакилларининг Ўзбекистонга илк ташрифи амалга оширилди. Ўйлайманки, мамлакатларимиз, хусусан, комбинат билан ҳамкорлик алоқалари изчил давом этади, – деди элчи.
Мазкур ташриф OKMKнинг ишлаб чиқариш ва технологик салоҳиятини халқаро майдонда намоён этиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Жазоир ўртасида тоғ-кон саноати соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратиши билан аҳамиятлидир. Томонларнинг қизиқиши келгусида қўшма ташаббуслар, инвестициявий лойиҳалар ва узоқ муддатли шериклик алоқаларини йўлга қўйишга замин яратиши мумкин.
А. Мусаев, ЎзА мухбири