Жазо муддати эмас, инсон ўзгариши муҳим
Инсон жазони ўташи мумкин, аммо жазо муддати тугагач, у ҳаётга қандай қайтади? Озодликка чиқишнинг ўзи жамиятга қайта мослашишни англатмайди. Бунинг учун инсон ўз хатосини англаши, дунёқараши ўзгариши ва келажагини бошқача қуришга тайёрланиши керак. Шу боис, жазони ижро этиш тизими нафақат қонуний чора кўриш, балки маҳкумнинг ички дунёсини ижобий томонга ўзгартириш ва уни ҳаётга қайта тайёрлаш вазифасини ҳам бажариши шарт.
Янги ҳуқуқий механизмда бу жараёнга китоб мутолааси ҳам жалб этилмоқда. 2026 йил 15 январда қабул қилинган тегишли қонунга кўра, белгиланган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқигани тасдиқланган маҳкумнинг жазо муддати ҳар бир китоб учун уч кунгача, бир йилда эса кўпи билан 30 кунга қисқартирилиши мумкин.
Бир қарашда буни китоб ўқи, жазо муддатинг қисқарсин, деган оддий рағбат сифатида қабул қилиш мумкин. Шунга қарамай, масаланинг моҳияти жазо муддатига қўшиладиган ёки ундан айириладиган кунлардан анча кенг. Гап китоб ўқишни инсоннинг ўз хатти-ҳаракатлари, қарори ва келажаги ҳақида ўйлашига туртки берадиган воситага айлантириш ҳақида бормоқда. Бунинг учун эса аввало, маҳкумга қандай китоб тавсия этилиши муҳим.
Ҳар қандай яхши асар ҳам бир хил мақсадга хизмат қилмаслиги мумкин. Шунинг учун адабиётларни танлашда бадиий қиймат билан бирга, уларнинг инсонни мустақил фикрлашга ундаши, масъулият, адолат, ҳалоллик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби қадриятлар ҳақида мулоҳаза юритишга сабаб бўлишига эътибор қаратилмоқда. Бу мақсадда Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона, Ўзбек тили ва адабиёти университети олимлари, жазони ижро этиш муассасаларида маънавий-маърифий ишларга масъул ходим ва ижодкорлар иштирокида ишчи гуруҳ шакллантирилган.
– Китоб танлашда асарнинг инсонни фикрлашга ундашига алоҳида аҳамият бериш керак, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими Зиёда Акбарқулова. – Қаҳрамон нима учун хато қилди, унинг қарори қандай оқибатларга олиб келди, инсон ўз хатосини англаб ўзгариши мумкинми? Китобхонни шундай саволлар ҳақида ўйлашга ундайдиган асарларнинг тарбиявий аҳамияти катта.
Бу ёндашув китобни тайёр хулосалар тўплами эмас, фикрлашга ундайдиган манба сифатида кўришни назарда тутади. Масалан, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарида оғир ташвишга тушган Отабекнинг Фузулий шеърларидан таскин топиши адабиётнинг инсон учун баъзан суҳбатдош ва руҳий мададга айланишини кўрсатади. Жек Лондоннинг “Мартин Иден” романида эса китоб қаҳрамоннинг билимини мустақил ошириш, дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилади. Бундай асарлар инсонга турли нуқтаи назардан қараш, қаҳрамон танлови ва унинг оқибатлари ҳақида ўйлаш имконини беради.
Бинобарин, маҳкумларнинг ёши, ҳаётий тажрибаси, қизиқиши ва китобхонлик даражаси бир хил эмас. Кимдир мумтоз адабиётга, бошқаси тарихий ёки ҳаётий воқеаларга асосланган асарга қизиқади. Шунинг учун миллий адабиёт намуналари билан бир қаторда жаҳон адабиёти асарларини ҳам қамраб олган рўйхат шакллантирилмоқда. Бу ердаги вазифа барчага бир хил китобни ўқитиш эмас, турли китобхонларни мутолаага жалб қила оладиган адабий муҳит яратишдир.
Қонунчиликда китоб ўқилгани белгиланган тартибда тасдиқланиши кўзда тутилган. Бу жараёнда комиссия иштирок этади, асарлар бўйича ишлаб чиқилган тест саволлари орқали маҳкумнинг китоб мазмунини ўзлаштиргани аниқланади. Саволлар асарнинг асосий ғояси, қаҳрамонлар хатти-ҳаракатлари ва воқеалар мазмунини тушунишга қаратилган. Бундай баҳолаш китобни ўқиганликни текшириш учун амалий восита бўлиши мумкин. Шунга қарамай, бу мутолаанинг инсонга кўрсатган таъсирини тўлиқ ўлчай олмайди.
– Инсоннинг ички ўзгаришини бир нечта тест саволи билан тўлиқ баҳолаб бўлмайди, – деди Зиёда Акбарқулова. – Тест асарни ўқигани ва унинг мазмунини ўзлаштирганини аниқлашнинг амалий воситаси бўлиши мумкин. Аммо китобхонликни фақат имтиҳон билан чеклаб қўймасдан, асар муҳокамалари, суҳбатлар, мутолаа клублари ва фикр алмашиш каби шаклларни ҳам ривожлантириш муҳим.
Янги ҳуқуқий механизмнинг аҳамияти ҳам жазо муддатини қисқартириш имконияти билан чекланмайди. У маҳкумни мутолаага жалб этиш орқали ўз хатти-ҳаракатларини таҳлил қилиш, ҳаёти ва келажаги ҳақида ўйлашга ундашни кўзда тутади. Бу мақсадга эришиш эса китоблар рўйхатидан тортиб, кутубхона имконияти, баҳолаш тартиби ва мутолаа муҳитигача бўлган барча бўғинларнинг ўзаро уйғун ишлашига боғлиқ.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА