Жасорат ва мардлик битилган саҳифалар
Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил топганлигининг ўттиз тўрт йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Шарқий ҳарбий округига қарашли, Наманган вилояти Поп туманида жойлашган Ғурумсарой ҳарбий қисмида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, “Жануб сарҳадлари” газетаси масъул котиби, поплик иқтидорли ижодкор Элёр Раҳмоновнинг “Аскар” номли китоб тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Наманган вилояти бўлими ташаббуси билан ташкил этилган ушбу ижодий-маърифий тадбирда ҳарбий қисм хизматчилари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда фахрийлар кенгашининг вилоят ва туман бўлинмалари вакиллари иштирок этди.
Взвод командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, лейтенант Дилмирза Мирзаев бошқарган тадбирда иштирокчилар даставвал, уюшма вилоят бўлими раиси, шоир Носиржон Деҳқоновнинг “Шараф сизга, Ватан ҳимоячилари” мавзусидаги маърузасини тингладилар. Унда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли Қуролли Кучлар қудратини янада юксалтиришда армия ва халқнинг бирдамлиги, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига яратилаётган шарт-шароитлар, тинчлик ва осойишталик барқарорлигига қаратилаётган амалий ишлар хусусида тўхталди.

Республика Мудофаа ишлари вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгашининг вилоят ҳудудий бўлими томонидан белгиланган режа ва уларни амалга оширишда ҳарбий қисм шахсий таркиби билан ҳамкорлик самараси эътироф этилди. Шунингдек, майор Одилжон Жўраев, фахрий журналист Неъматулла Ғайбуллаев, Маънавият ва маърифат маркази Поп тумани бўлинмаси раҳбари Фарҳод Пиримназаров китобнинг мазмун-моҳияти юзасидан мулоҳазаларни билдирди.
Айниқса, “Усмон Носир медиа” нашриёти директори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва ҳажвчи адиб Алишер Оға – Алижон Жўраевнинг аскарлар билан мулоқоти ғоят қизғин кечди. Қашқадарёлик оддий аскар Беҳзод Аҳматовнинг қисмда китобхонликка қаратилаётган эътибор ва яратилган шароитлардан миннатдорлик изҳоридан сўнг ҳарбий хизматчилар китоб муаллифи Элёр Раҳмонов билан юзма-юз суҳбатда бўлди.
Китобнинг алоҳида аҳамиятга эга жиҳатларидан бири шуки, ундаги воқеалар қачондир, қайсидир маконда рўй берган эмас, шу яқин кунларда, Наманганнинг чегара ҳудудларида рўй берган ҳодисалар. Унда бугунги аскарларнинг кундалик ҳаётлари, ота-оналарига яқинларига нисбатан соғинч ҳислари, юртга муҳаббат ва тинчлик барқарорлиги учун масъулиятлари содда ва равон баён этилган.
Тақдимот якунида муаллиф аскарлар кутубхонасига ўзининг янги китобидан ҳадя қилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.