“Жасорат мактаби”нинг навбатдаги мавсуми якунланди
Жиззах гарнизонидаги “Н” ҳарбий қисмида 10 кун давом этган “Жасорат мактаби” ўқув йиғинларининг навбатдаги мавсуми якунланиб, иштирокчиларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу мавсум давомида Жиззах вилоятининг турли бурчакларидан келган 100 нафар ёш йигит ҳарбий хизмат асосларини ўрганди, жисмоний ва маънавий тайёргарликдан ўтди ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбияланди.
Мавсумнинг тантанали ёпилиш маросимида Жиззах вилоят ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, Жиззах гарнизони бошлиғи, вилоят мудофаа ишлари, ёшлар ишлари бошқармалари, Ёшлар иттифоқи, ҳарбий прокуратура ҳамда Савдо-саноат палатаси вакиллари, Фахрийлар кенгаши аъзолари ҳамда ўқув-йиғин тингловчиларининг ота-оналари ва яқинлари иштирок этди.
[gallery-22101]
Тадбирда сўз олганлар, ёшларга келгуси фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилаб, ҳарбий қисмда ўрганган тартиб-интизом, касб-ҳунар ва билимларини ҳаётда тўғри йўналтириш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
– Ёшларимиз ҳукуматимиз томонидан яратилаётган ҳар бир имкониятдан самарали фойдаланиши лозим ва шарт, – дейди Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи Лола Ҳамидова. – Ўғлим Бахтиёржоннинг болаликдан ҳарбийга қизиқиши катта эди. Мана шу ўқув-йиғиндан сўнг бир йиллик ҳарбий хизматга бориб, йигитлик бурчини ўтаб келмоқчи. Мен ҳам, дадаси ҳам бунга қарши эмасмиз. Оиламизда эркакларнинг ҳаммаси ҳарбий хизматни ўтаб келган. Қайнотам ҳам, турмуш ўртоғим ҳам, катта ўғлим ҳам. Мана ўртанчам ҳам ҳарбий хизматга бормоқчи. Бугун уни ҳарбий либосда кўриб, роса қувондим. Бахтиёрим аллақачон бўйлари чўзилиб, товушлари йўғонлашиб, вояга етиб қолибди. Унинг Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташ ниятида экани эса, она сифатида мен учун катта фахр ва ифтихордир.
Савдо-саноат палатаси Жиззах вилоят бошқармаси томонидан тадбиркорлик асосларига ўқитиш дарсларида фаол иштирок этган намунали ёшларга махсус сертификатлар топширилди.
– Бизга ушбу “Жасорат мактаби”нинг 10 кунлик ҳарбий-ўқув йиғини давомида ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси ва касбга йўналтириш борасида офицер ва сержентлар ҳамда ўз соҳасининг малакали етук мутахассислари атрофлича билим ва кўникмалар берди, – дейди мирзачўллик тингловчи Синдор Абдухолиқов. – Яна бир қувончли томони, менга банк томонидан узоқ муддатга 30 миллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағи олишим ва тадбиркорлик қилишим учун сертификат топширилди. Бу маблағга уйга боргач, иссиқхона барпо қилиб, лимончиликни ривожлантиришга аҳд қилдим. Лимон 3 йилда ҳосилга киради, шунинг учун лимонлар орасига дастлабки йилларда помидор, бақлажон, турли кўкатлар экиб ҳосил олишни режалаштирдим.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари