“Жасорат мактаби” ўқувчилари тантанали ваъда берди
Жорий ўқув йилида Бухоро вилоятидаги 13 та умумтаълим мактаблари негизида “Жасорат мактаблари” ташкил этилиб, айни пайтда уларда 338 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Бухородаги Н-ҳарбий қисмда мазкур синф ўқувчиларининг тантанали ваъда бериш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда ҳокимлик, мактабгача ва мактаб таълими, мудофаа, ички ишлар ҳамда Миллий гвардия бошқармалари мутасаддилари, ота-оналар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
[gallery-25455]
Сўзга чиққанлар ёшларни Ватанга садоқат руҳида, жисмонан соғлом ва маънавий баркамол инсон қилиб тарбиялашда мазкур таълим масканларининг ўрни ва аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, бугун юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшишдек эзгу ва улуғвор йўлга шайланган ўқувчи-ёшларга самимий тилаклар билдирди.
– Жасорат синфларининг мақсади ўқувчиларни ҳарбий-ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар руҳида тарбиялаш, уларда ҳарбий хизматни адо этишда зарур бўладиган дастлабки ҳарбий ва ижодий кўникмаларни шакллантириш, олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кириш учун мақсадли тайёрлашдан иборатдир, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фирдавс Ҳидоятов. – “Жасорат мактаби”да таҳсил олаётган ёшлар бугун она Ватанга садоқат, матонат ва масъулият рамзи сифатида тантанали ваъда бериб, келажакда Ватан ҳимоячилари сафини тўлдириш йўлида қадам ташлади. Ишонамизки, улар буюк аждодларимизнинг, аввало, соҳибқирон Амир Темурнинг бебаҳо мероси, Ватанимиз озодлиги ва эл-юрт тинчлиги йўлида мардлик ва жасорат кўрсатган ватандошларимизнинг қаҳрамонлиги асосида Ўзбекистон халқига содиқ фарзандлар бўлиб етишади.
Тадбирда қўл жанги элементларидан иборат кўргазмали чиқишлар намойиши, ҳарбий оркестр жамоасининг куй ва қўшиқлари иштирокчиларга жанговар руҳ бағишлади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.