“Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жанубий Устюрт” миллий боғини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Қўнғирот тумани ҳудудида давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида умумий майдони 1 миллион 447 минг 143 гектарга эга бўлган “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи барпо этилади.
Табиат боғининг хўжалик мақсадида фойдаланиш зоналаридаги ерлар ушбу ҳудудларда жойлашган ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар ихтиёрида қолади.
Табиат боғи Давлат экология қўмитасининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади. Шунга кўра, боғ Давлат экология қўмитасининг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари ҳамда қонун ҳужжатдарида тақиқланмаган бошқа манбаалар ҳисобига молиялаштирилади.
Ушбу меърий ҳужжат билан “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғининг умумий майдони, “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериладиган ер участкаларининг майдони, “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғининг қўриқхона, рекреация ва хўжалик мақсадида фойдаланиш зоналари учун ажратиладиган ер майдони ҳамда Табиат боғи ижро этувчи аппаратининг тузилмаси тасдиқланди.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА