Жанубий Кореяда нархларни асоссиз оширишга қарши жазолар кучайтирилади
Жанубий Корея ҳукумати жорий йилнинг 4 августидан эътиборан меҳмонхона, умумий овқатланиш ва транспорт соҳаларида нархларни асоссиз ошириб юбориш ҳолатларига қарши жазо чораларини кескин кучайтиришни режалаштирмоқда.
“Yonhap” ахборот агентлиги хабар беришича, Туризмни ривожлантириш тўғрисидаги қонунга тегишли ўзгартиришлар аллақачон тасдиқланган. Янги қоидаларга кўра, хизматлар нархини кўрсатмаган ёки тасдиқланган нархлар рўйхатига амал қилмаган “ҳанок’ (анъанавий корея уй-меҳмонхоналари) эгалари биринчи қоидабузарликнинг ўзидаёқ фаолиятини 5 кунга тўхтатиш билан жазоланади.
Иккинчи ва учинчи марта қайтарилган қоидабузарликлар учун эса фаолиятни тўхтатиш муддати 10 ва 20 кунгача узайтирилади. Бундан ташқари, илгари бу каби талаблардан озод қилинган, шаҳар ҳудудларида хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатувчи бизнес субъектлари ҳам эндиликда ушбу янги тартибга амал қилади.
Шунингдек, йўловчилардан ортиқча тўлов ундирган такси ҳайдовчиларига нисбатан ҳам жазо оғирлашади. Биринчи қоидабузарликдаёқ уларнинг лицензияси 30 кунга “музлатилади”. Қоидани иккинчи бор бузган ҳайдовчиларнинг ҳужжати 60 кунга тўхтатилади, учинчи маротаба содир этилган ҳуқуқбузарликда эса уларнинг лицензияси бутунлай бекор қилинади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА