Жанубий Корея шимолдан учирилган ракеталар масофасини баҳолади
Жанубий Корея Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси Шимолий Корея томонидан чоршанба куни эрталаб учирилган қисқа масофали баллистик ракеталар тахминан 240 километрга етиб борганини маълум қилди. Бу ҳақда “Ёнхап” ахборот агентлиги ёзган.
Аввалроқ КХДР Вонсан ҳудудидан Япон денгизи шарқий томонига бир нечта баллистик ракета учиргани ҳақида хабар берилган эди.
Қайд этилишича, бу йил ҳисобидан тўртинчи марта шундай воқеа кузатилган. Жанубий Корея ва Америка разведка хизматлари жараёнга тайёргарликни кузатиб борган ва тезкор равишда тегишли маълумотни ўзаро алмашган.
Шунингдек, Пхеньян сешанба куни номаълум снаряд учиргани ҳақида ҳам маълум қилинди. Корея Республикаси ва АҚШ расмийлари бу ҳодисани ҳам таҳлил қиляпти. Дастлабки маълумотга кўра, учирилганидан кўп ўтмай, қурилма радар кузатувидан йўқолган. Демак, амалиёт муваффақиятсиз тугаган.
С.Раҳимов, ЎзА