
Бугун ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Булоқбоши тумани Сарвонтепа маҳалласидан ўтувчи Жанубий Фарғона каналида юзага келган носозлик натижасида сув айрим хонадонларга кириб боргани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолатга муносабат билдирган "Ўзбекгидроэнерго" АЖ расмийларининг маълум қилишича, сув сизиб чиқиши аниқланганидан сўнг Жанубий Фарғона магистрал каналидаги сув оқими тўлиқ тўхтатилган.
Ҳозирда масъуллар томонидан каналдан сув ўтказиш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шу билан бирга, Андижон вилояти Норин-Қорадарё ирригация тизимлари бошқармаси томонидан сув оқими тўлиқ тўхтатилган.
Воқеа жойида Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа тегишли ташкилотлар жалб этилган ва вазият тўлиқ назоратга олинган.
Мазкур муносабатда фуқаролардан ортиқча хавотирга тушмаслик сўралган.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА