Сурхондарё вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи Жанубий оператив қўмондонлиги ҳамкорлигида воҳадаги ҳарбий қисмларда “Ҳар бир аскарга битта китоб” шиори остида китоб савдо-ярмаркалари ўтказилмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат Дастурида ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини кенг оммалаштириш, жамиятда китобхонликни ҳамда аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни ривожлантириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилган.
Стратегияда белгиланган мақсадларга эришиш учун вилоятдаги ҳарбий қисмларда ҳам Ватан посбонларининг китобхонлик маданияти ва китоб мутолаасига қизиқишини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар, китоб-савдо ярмаркалари ташкил этилиб, ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара асарлари, янги нашр этилган китоблар кенг тарғиб қилинмоқда.
– Бу тадбирларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларида китоб мутолаасига алоҳида қизиқиш борлиги кузатилмоқда, – дейди вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Заҳириддин Тўраев. – Китоб-ярмаркаларда тинчлигимиз қўриқчилари катта қизиқиш билан янги нашрдан чиққан миллий ва жаҳон мумтоз адабиёти намуналари, замондош ижодкорлар асарлари, илмий-оммабоп, болалар китоблари билан яқиндан танишиб, харид қилаётир. Ҳарбий хизматчилар учун жисмоний етуклик, қатъий ирода, жасорат қанчалик муҳим бўлса, руҳий-маънавий оламининг бойлиги, интеллектуал салоҳияти шунчалик аҳамиятли. Ярмаркалар доирасида ҳарбийлар қизиққан китоблар ҳақида суҳбатлар ҳам ташкил этилаётир.
Вилоятнинг Жарқўрғон туманидаги Какайди гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда ўтказилган навбатдаги китоб савдо-ярмаркаси тинч, осойишта, фаровон ҳаётимиз бунёдкорларининг китобхонлик маданияти ва китоб ўқишга қизиқишини кенг намоён этди.
– Бугунги кунда ҳарбий хизматчиларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш учун кўплаб амалий ишлар қилиняпти, – дейди Какайди гарнизони батальон командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари капитан Жаҳонгир Абдугаффаров. – Жумладан, кун тартибига китоб мутолааси учун алоҳида вақт ажратилган. Ҳарбий қисмларда бой китоб фондига эга кутубхоналар бор. Ҳарбий хизматчилар ўртасида китобхонлик танловларини ўтказиш ажойиб анъанага айланган. Мазкур тадбир ҳам ҳарбий хизматчилар ва муддатли ҳарбий хизмат бурчини бажараётган аскарларимизнинг китоб мутолаасига эҳтиёжини янада кенгроқ қондиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилгани билан аҳамиятли бўлди.
Китоб-савдо ярмаркаси Денов туманининг Хайробод гарнизонидаги ҳарбий қисмда ҳам юксак савияда ўтказилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири