Жанубда Қуролли Кучларимиз қудрати шарафланмоқда
Сурхондарё вилоятида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланди.
Байрам тадбирлари эрта тонгда Термиз шаҳридаги Хотира майдонидан бошланди. Ҳарбий оркестр мусиқа садолари остида вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, офицерлар ва сержантлар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилган мард, жасур ўғлонлар хотирасини ёд этди.
Термиз шаҳридаги муҳташам Санъат саройида бўлиб ўтган тантанали тадбирда вилоят ҳокими – Ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Улуғбек Қосимов иштирокчиларни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаб, мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар юртимиз тараққиёти ва халқимизнинг тинч, тўкин ҳаётини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Тадбирда Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда хизмат бурчини аъло даражада бажараётган бир гуруҳ осуда, осойишта ҳаёт посбонлари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Қуролли Кучлар оркестр ва ансамбллари жамоалари ҳамда таниқли санъаткорларнинг Ватан, тинчлик ва обод турмушни, садоқат, жасорат ва меҳр-муҳаббатни тараннум этувчи куй-қўшиқлари барчага байрам кайфиятини улашиб, юртимиздаги осуда ва фаровон ҳаётдан фахр-ифтихор туйғусини янада юксалтирди.
[gallery-21249]
Вилоятда байрам тадбирлари давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири