Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида қиймати 150 миллион доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция асосида чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш корхонаси қурилишига тамал тоши қўйилди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Хитойнинг “CSET” компанияси вакиллари, соҳа мутасаддилари, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тантанали тадбирда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда чиқиндиларни бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, уларни қайта ишлаш ва иқтисодий айланмага киритиш орқали экологик барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бу жараён чиқинди полигонлари юкини камайтириб, атроф-муҳитга салбий таъсирини қисқартириш ва аҳоли турмуш сифатига ижобий таъсир кўрсатишига хизмат қилаётгани қайд этилди. Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “CSET” компанияси ўртасида чиқиндиларни энергетик ресурс сифатида фойдаланишга қаратилган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича имзоланган келишув ҳам бунга яққол мисолдир.



Жанубдаги воҳада бошланган янги лойиҳа 2028 йилда тўлиқ ишга туширилиб, 150 та доимий иш ўрни яратилади. Йилига 438 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндини қайта ишлаш орқали 75 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради.



Мутахассисларнинг айтишича, лойиҳа вилоятнинг экологик ва энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаб, инвестицион жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири