Конституциямиз қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилоятида янгидан қурилган ва реконструкция қилинган 72 та объект фойдаланишга топширилди.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз давлат университети талабалари учун барпо этилган 800 ўринли 8-талабалар турар жойининг очилиш маросимида иштирок этиб, шу ернинг ўзидан “Zoоm” орқали тадбир қатнашчиларини бош қомусимиз қабул қилинган кун ҳамда Термиз шаҳри ва туманларда ишга туширилган объектлар билан табриклади. Ҳуқуқий-демократик ижтимоий давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида мустаҳкам пойдевор яратган асосий қонунимизнинг ўзлигимизни англаш ва миллий тараққиётимиздаги ўрни ҳақида атрофлича сўз юритди. Бир пайтлар аграр воҳа бўлган Сурхондарё вилояти ҳам янгиланган конституциямизда белгилаб берилган нормалар асосида катта ўзгариш ва янгиланишларга юз тутаётганини таъкидлади.
[gallery-26634]
Жорий йилда вилоятда барча дастурлар ҳисобидан 623 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бундай улкан бунёдкорлик ишлари учун давлат бюджетидан бир триллион 943 миллиард сўм маблағлар ажратилган. Йилнинг ўтган даврида янгидан қурилган ва тубдан таъмирланган объектларнинг 477 таси фойдаланишга топширилди. Ҳуқуқ ва эркинлигимизни, обод ва озод ҳаётимизни кафолатлаган бош қомусимиз қабул қилинганининг 33 йиллик байрами куни яна 72 та объект фойдаланишга қабул қилинди. Уларнинг бештаси умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, иккитаси ичимлик ва оқова сув тармоғи, еттитаси ижтимоий соҳа, 49 таси маҳаллаларнинг ички йўлларидир. Термиз давлат университети талабалари учун бунёд этилган 800 ўринли турар-жойни қуриб, ишга тушириш учун 36 миллиард сўм маблағ сарфланди. Кўп қаватли замонавий бинода талабалар учун барча шароит яратилган.
Тантанали маросим якунида тадбир иштирокчилари янги талабалар турар жойида яратилган қулайликлар билан яқиндан танишди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири