Жанговар ўқ-патронлар тўхтатиб қолинди
Бухоро вилояти божхона бошқармаси ва Контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор вакиллари томонидан жанговар ўқ-патронларни “Олот” чегара божхона пости орқали олиб киришга бўлган уриниш бартараф этилди.
Хорижий йўналишда ҳаракатланиб, божхона постига транзит тарзда кириб келган юк автотранспорт воситасига ортилган енгил автомашиналарнинг рентген тасвирлари Контрабандага қарши курашиш бўлимининг ходимларида шубҳа уйғотди. Мазкур юк автомашинаси гумонларга ойдинлик киритиш мақсадида холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилди.

Кинологларнинг хизмат итлари билан биргаликда олиб борган божхона кўриги натижасида енгил автомашиналардан бирининг орқа йўловчи ўриндиғи остки қисмига қоғоз қутига жойлаштирилган 43 дона “Magnum R-P357” ёзувли жанговар ўқ-патронлар борлиги маълум бўлди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА