Жамоатчилик назорати – тараққиёт омили
Бугунги кунда жамиятимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар амалга оширилиб, мамлакатимизда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуришнинг асослари тобора мустаҳкамланмоқда.

Инсоният орзу қилган адолатли, эркин, фаровон фуқаролик жамиятига эришишнинг энг тўғри йўли – бу ҳокимият ва давлат бошқарув идоралари устидан фуқароларнинг кенг қамровли жамоатчилик назорати ўрнатилишидир. Жамоатчилик назорати қай даражада кучли бўлса, давлат ҳам шунчалик халқчил, эркин ва адолатли бўлади.
Конституция ва қонун устуворлигига эришишда эса, табиийки, жамоатчилик назорати институтидан унумли фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Аслида, жамоатчилик назорати юртимизда узоқ тарихий илдизларга эга. Бу институт бизда қадим-қадимдан “Оқсоқоллар кенгаши” кўринишида намоён бўлиб келган. Бу кенгашлар маҳаллалардаги ободонлаштириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ўзини-ўзи ҳимоя қилиш, ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлиш, фарзандлар тарбиясига лоқайд қарамаслик ва бошқа жамоат ишлари билан шуғулланадиган жамоатчилик тузилмаси ҳисобланган.
Жамоатчилик назоратини амалга оширишда, биринчи навбатда, барча фуқароларнинг, қолаверса, нодавлат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва ролини янада кучайтириш лозим. Бу борада бугун мамлакатда кечаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларга нисбатан масъулият, ташаббускорлик, дахлдорлик ҳиси ҳар бир инсон онгида шаклланиши керак. Биз ҳар қандай қонунбузилиш ҳолатларига муросасиз бўлсак, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига кўпчилик бўлиб баҳо берсак, ўз фикр-мулоҳазаларимизни эркин баён этсак, ана ўшанда чинакам қонун устуворлиги таъминланади.
Жамоатчилик назорати мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг самараси ва муваффақиятини таъминлашда асосий воситалардан бири сифатида майдонга чиқади. Шундай экан, жамоат ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган жамоатчилик назоратининг мазмун-моҳияти ва шакллари, услубларини ҳамда у қандай ҳолатларда намоён бўлиши тўғрисидаги назарий ва амалий масалаларни тадқиқ этиш бугунги кунда олдимизда турган долзарб масалалардан бири эканлигини эътироф этиш жоиз. Жамоатчилик назорати жамиятда ижтимоий адолатнинг барқарорлигини таъминлашда шахс, жамият ва давлат алоқаларида тенглик, масъулият ва жавобгарлик бўлиши учун хизмат қиладиган омилдир.
Юртбошимиз таъкидлаганидек, қабул қилинган қонунлар ва қонун ҳужжатлари ижроси, ҳокимият қарорлари қандай қабул қилиниши ва ижро этилиши, қонун ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг тайёрланиш жараёни, давлат органлари ҳамда улардаги мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб борилиши зарур.
Давлат дастурлари ижросида ҳам самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш белгиланган вазифаларнинг амалиётга жорий этилишида муҳим роль ўйнайди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 2024 йил “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури бўйича Президент фармонининг 32-бандида “Юксалиш” ҳаракати давлат дастурининг амалга оширилишини, шу жумладан, жойларга чиқиб, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда танқидий ўрганиб бориши ва натижалари бўйича ҳар ойда юқори турувчи органга ахборот беришининг мустаҳкамлаб қўйилиши – Ҳаракат томонидан бу борада самарали жамоатчилик назорати олиб борилишини белгилаб беради.
Жумладан, давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари Ҳаракатнинг мазкур банд ижроси бўйича фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиб бориши, уларга зарурий шароит яратиб беришининг белгилаб қўйилиши давлат дастурининг самарали ижросида катта омил бўлиб хизмат қилади.
Шу ўринда айтиш мумкинки, амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар жараёни тизимли давом этиб, улар ўз самарасини беришидан барча юртдошларимиз бирдек манфаатдор. Шунинг учун амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар барча фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишда фаолликни талаб этади.
Музаффар Маматқулов,
“Юксалиш” ҳаракати Жиззах
вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари.
ЎзА