Жамоатчилик кенгаши: энергетика соҳасида таклиф ва тавсиялар ижроси қандай назорат қилинмоқда?
Ёқилғи-энергетика соҳасида очиқлик, жамоатчилик назорати ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш, шунингдек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш масалалари доимий эътибор марказида турибди.
Айниқса, қиш мавсумида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга ечим топишда жамоатчилик кенгашларининг ўрни муҳим аҳамият касб этади.
Шу муносабат билан бугун Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ёқилғи-энергетика тизимида 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар муҳокама этилди. Хусусан, қиш мавсумида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор ва узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан батафсил фикр алмашилди.
[gallery-27369]
Муҳокамалар жараёнида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Call-марказлар фаолияти самарадорлигини ошириш, соҳада мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш масалалари юзасидан очиқ мулоқот олиб борилди. Жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан аҳоли манфаатларини инобатга олган ҳолда бир қатор амалий таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.
Йиғилиш якунида ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилиб, Дилшод Ашуров овоз бериш йўли билан Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари этиб сайланди. У ўз нутқида жамоатчилик кенгаши фаолиятини янада фаоллаштириш, соҳада очиқлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
–Ёқилғи-энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги, аввало, жамоатчилик билан очиқ ва самарали мулоқотга боғлиқ. Фуқароларнинг мурожаатларига ўз вақтида жавоб бериш, жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва уларга аниқ ечимлар ишлаб чиқиш Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, келгусида кенгашнинг йиғилишларини мунтазам ўтказиб бориш, жойлардаги энергетика объектларида ўрганиш ва мониторинг ишларини ташкил этиш, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш устувор йўналишлардан бири айланмоқда, –деди Д.Ашуров.
Йиғилишда 2026 йил учун Жамоатчилик кенгашининг иш режаси тасдиқланиб, унга мувофиқ фаолиятни тизимли равишда ташкил этиш белгиланди. Фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорлик меморандумини имзолаш бўйича таклиф ҳам илгари сурилди.
Йиғилиш якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни белгиланган тартибда инобатга олиш ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Насиба Зиёдуллаева,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА