Жамоатчи инспекторларга сертификатлар топширилди
Ўзбекистон Экологик партияси, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамкорлигида экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлигига номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш бўйича ташкил этилган ўқув-семинарнинг биринчи босқичи якунланди.
Тошкент ахборот технологиялари университетида ўтказилган ўқув-семинарда Тошкент шаҳрининг Олмазор, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек тумани маҳаллаларидаги номзодлар ўқитилди.
Мазкур ўқув-семинар тўрт кун давом этиб, унда иштирокчилар Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 октябрдаги “Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишга доир намунавий низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Намунавий низомнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, кимлар жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлиши, жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартиби, инспекторларнинг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида билимга эга бўлди.

Машғулотларда шунингдек, маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жавобгарлик чоралари, атмосфера ҳавоси, сувларнинг ифлосланиши ҳақида маърузалар тингланди.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, атроф-муҳит муҳофазасига доир вазифаларни бажаришда давлат ташкилотлари билан бир қаторда жамоат бирлашмалари ва фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, республикамизда экологик муаммолар ва атроф-муҳит муҳофазасидаги лоқайдликларга барҳам бериш, атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштиришда жамоатчилик иштирокининг фаоллигини ҳар томонлама кучайтириш, бу борада қабул қилинган қонунлар ҳамда қарорлар ижросини таъминлаш Ўзбекистон Экологик партиясининг бош мақсадларидан биридир.
Семинар якунида экологик назоратнинг жамоатчи инспекторларига махсус сертификатлар топширилди.
ЎзА