Жамоат хавфсизлиги доимий эътиборда
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш ички ишлар органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Тошкент вилоятида ҳам аҳоли осойишталигини таъминлаш мақсадида комплекс тезкор-профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, вилоят Ички ишлар бош бошқармаси томонидан “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирининг учинчи босқичи доирасида ўтган 20 кун давомида ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат тартибини сақлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилди.

Бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар давомида жами 7 минг 750 та тезкор-қидирув тадбири амалга оширилиб, 233 та жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, аввал фош этилмаган 369 та жиноят очилди. Қидирувда бўлган 117 нафар шахс ушланди, бедарак йўқолган 93 нафар фуқаро топилиб, оилаларига қайтарилди.
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида 180 та жиноий ҳолат аниқланди. Натижада ноқонуний муомаладан қарийб 30 килограмм гиёҳвандлик воситалари олиб қўйилди. Шунингдек, уларни яширин тарзда тарқатиш билан боғлиқ 15 та “закладка” ҳолати фош этилди.

Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш борасида ҳам қатор ҳуқуқбузарликлар аниқланди. Хусусан, 109 та жиноий ҳолат қайд этилиб, 135 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди. Тадбирлар давомида 9 дона ов милтиғи, 16 та қўлбола усулда ясалган ва пневматик қурол, шунингдек, 347 дона ўқ-дори ашёвий далил сифатида олинди. Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлардан 1 минг 414 дона буюм, жумладан, ўткир тиғли жисмлар, кастет ва бошқа воситалар мусодара қилинди.

Бугунги кунда долзарб аҳамият касб этаётган кибержиноятчиликка қарши курашиш ҳам эътибор марказида. Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида 262 та кибержиноят фош этилди.
“Хавфсиз ва соғлом юрт” тадбири доирасидаги ишлар аҳоли тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга қаратилган. Бу йўналишдаги тезкор-қидирув ва профилактик тадбирлар вилоят ҳудудида изчил давом эттирилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА