Жамоат тартиби, профилактика ва қўриқлаш фаолияти ягона тизим сифатида фаолият олиб боради
Сенат ялпи мажлисида “Қўриқлаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов мазкур ҳужжат жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар ва ташкилотларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, шунингдек, қўриқлаш фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини замонавий талабларга мос равишда такомиллаштиришга қаратилганини таъкидлади.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда “Ички ишлар органлари тўғрисида”, “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар, жумладан жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш, ноқонуний ов қилиш, дарахтларни кесиш ва бошқа экологик қоидабузарликларни кўриб чиқиш ваколати Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг масъул ходимларига берилмоқда.

Қўриқлашнинг техник воситаларини лойиҳалаштириш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича рухсатнома бериш ваколатини Ички ишлар вазирлигига ўтказиш, тадбиркорлик субъектлари учун эса хабардор қилиш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳоли тинчлиги ва “Инсон қадри – олий қадрият” тамойилини амалда таъминлашга хизмат қилади. Қонунга кўра, хавфсизликни таъминлашда жазолашга эмас, балки профилактикага ҳамда жамоат тартиби, профилактика ва қўриқлаш фаолияти ягона тизим сифатида самарали ишлашига устувор аҳамият берилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА