Жамғарма маблағи соҳа ривожига ҳисса қўшмоқда
Қишлоқ хўжалиги
Қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи соҳаларидан бири. Кейинги йилларда уни ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш устувор аҳамият касб этмоқда. Зеро, давлатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлиги, дастурхонимиз файзи бевосита аграр тармоқ истиқболига боғлиқ.
Ислоҳотлар жараёнида хусусий мулкчилик шаклини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса ўзининг юксак самараларини бераётгани қувонарлидир.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғарма 2018-2024 йиллар давомида биргина Сирдарё вилоятидаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳамда “Томорқа хизмати” МЧЖларни молиявий жиҳатдан қўллаб- қувватлаш учун 112,9 миллиард сўм ажратди. Жумладан, мазкур маблағнинг 77,6 миллиард сўми томорқа ер эгаларига, 7,6 миллиард сўми фермер хўжаликларига, 15,2 миллиард сўми “Томорқа хизмати” МЧЖларга, 6,8 миллиард сўми сув таъминоти оғир бўлган маҳаллаларга артезиан қудуқлар қазиш харажатларини қоплаш учун йўналтирилди.
[gallery-21371]
Йўналтирилган ушбу маблағлар соҳа ривожида тўғри тақсимланиб, бугунги кунда ўз мевасини бермоқда.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Хаитов Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидаги “Қуёш” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, аҳоли билан учрашди.
Ишчи гуруҳи Қуёш маҳалласидаги Исроил Чакаловнинг хонадонида бажарилган экин-текин ишлари билан танишди. Хонадон ўзига тегишли 8 сотих майдоннинг 6 сотихида иссиқхона ташкил қилган бўлиб, унда 100 минг тупдан зиёд помидор кўчати етиштирмоқда.
Мўъжазгина ерда етиштирилиб, истеъмолчиларга етказиб берилаётган маҳсулот ҳисобига оиланинг фаровонлиги, дастурхонининг тўкинлиги ортди. Қолаверса, унинг оила аъзолари ҳам ишли, ҳам даромадли бўлди.
Сирдарёда Исроил Чакалов сингари омилкорлик билан иш кўрадиган, катта бўлмаса-да, мўъжазгина ер майдонидан самарали фойдаланаётган, иссиқхона хўжалигини ташкил этиб, ундан юқори ҳосил олиб, бозорларнинг тўкинлигига, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётганлар сони тобора ортиб бормоқда.
Унинг қўшниси Бакрадзе Биналининг хонадонида ҳам 4 сотихда иссиқхона барпо этилган бўлиб, лимон ва кўкатлар етиштирилмоқда.
– Бежизга ерни ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи деб айтишмас экан, – дейди Бакрадзе Бинали. – Гектар-гектар майдондамас, 5-6 сотихли томорқада иссиқхона қуриб, унга турли сабзавот ва кўкатларни экиб, юқори ҳосил олса бўларкан. Буни ўз тажрибамда синаб кўриб, яна бир бор амин бўлдим.
Қайд этиш жоизки, мазкур маҳаллада 1055 та хонадон бўлиб, уларнинг экин майдони 195,1 гектарни ташкил этади. Шундан 748 та аҳоли ўз хонадонида иссиқхоналар барпо этган. Мавжуд иссиқхона майдонлари эса 35,6 гектарга етди.
Маҳаллада 17 та мотоблок ва 2 та кичик (мини) техника аҳоли хонадонларига хизмат қилади. Маҳалла сабзавотчиликка ихтисослашган бўлиб, иссиқхоналарда сабзавотлар, помидор, булғор қалампири, бодринг ва кўкатлар етиштирилади.
307 та хонадон эса очиқ майдонда картошка ва сабзавот экинларидан даромад олмоқда. 2024 йил якунларига кўра, аҳоли тахминан 3 миллиард 560 миллион сўмлик даромад қилди.
Юртимизда етиштирилаётган ҳар қандай қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, хоҳ у очиқ далада, хоҳ у иссиқхона шароитида бўлсин, таъми ва витаминларга бойлиги, қуёш нурига тўйинганлиги билан кўпгина давлатлардаги шу турдаги маҳсулотлардан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам харидоргир. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кўпайишига, экспорт имкониятининг ортишига хизмат қилмоқда.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА мухбири