"Жалолиддин Мангуберди" миллий балетининг премьераси
Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри атоқли композитор Рустам Абдуллаевнинг "Жалолиддин Мангуберди" миллий балет спектаклини тақдим этди.
Маълумки, Жалолиддин Мангуберди ватанпарварлик, жасорат тимсоли сифатида тарих саҳифаларидан ўрин олган шахсдир.
- Тарихий мавзудаги ушбу спектаклни яратиш ғоят мураккаб кечган жараёндир, - деди атоқли композитор Рустам Абдуллаев. - Негаки, Жалолиддин Мангуберди яшаган давр ғоят мураккаб тарихий давр. Кўп ўқиш, изланишга тўғри келди. Туркиялик балетмейстер Меҳмет Балкан билан биргаликдаги изланишларимиз натижасида ушбу спектакль саҳна юзини кўрди.

Ушбу балет либереттосининг муаллифи Меҳмет Балканнинг фикрича, асар учун яратилган мусиқанинг ўзиёқ дарҳол унга манзур бўлган. Бу эса мазкур асар устида иш бошлашга туркти берган.
Дарҳақиқат, миллий ва замонавий оҳангларга йўғрилган ушбу балет-спектаклда мураккаб тарихий жараёнлар, Жалолиддининг кечмиши, ҳаёти, ўз ватанини душманлардан ҳимоялаши бетакрор мусиқа, балет ва хореография санъати воситасида томошабинларга тақдим этилгани билан аҳамиятлидир.

Хор ва оркестр жамоасининг ижроси, видео ва тасвирий воситалар спектаклни янада жозибали ва таъсирчан бўлишини таъминлаган. Бош дирижёр - Денис Власенко.
Ушбу балет-спектакль театр мухлислари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Н.Усмонова,
ЎзА