English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон шеъриятининг мангу сиймоси

Мамлакатимиз ва хорижда буюк шоир ва мутафаккир, аллома бобокалонимиз Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан форумлар, анжуманлар, симпозиумлар бўлиб ўтмоқда. Бундай тадбирлар пойтахтимизда ҳам баланд руҳда ўтказилмоқда.

Бугун, 9 февраль пойтахтимиздаги Адиблар хиёбони миллий сўз санъатимиз ихлосмандлари билан гавжум бўлди.

Байрамона ва янада файзли қиёфа касб этган ушбу муаззам майдонда – Алишер Навоий ҳайкали пойида  шоир бобомиз таваллуд санаси муносабати билан адабий-маърифий анжуман ташкил этилди. Тантанали тадбирга Ўзбекистон Республикаси  Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, Ёзувчилар уюшмаси, турли вазирлик ва идоралар, миллий маданият марказлари, олий ўқув юртлари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилот вакиллари таклиф этилди.  

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид адабий анжуманни кириш сўзи билан очар экан, мамлакатимизда миллий адабиётимиз, маънавиятни ривожлантириш, Ватанимизнинг  шонли тарихини ўрганиш, буюк аждодларимиз меросини тадқиқ этиш янги Ўзбекистоннинг маърифий пойдеворини яратишда муҳим асос бўлаётганини эътироф этди.  

[gallery-27551]

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов, Қирғиз Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшонқул Чотонов, италиялик меҳмон, “Сандро Тети Эдитор” нашриёти асосчиси ва раҳбари Сандро Тети, Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди раҳбари, навоийшунос Олимжон Давлатов улуғ мутафаккирнинг бой маънавий мероси, уларда тараннум этилган эзгу ғояларнинг аҳамияти, асарларининг хорижда ўрганилиши ҳақида батафсил сўзлади.  

— Алишер Навоий жаҳон маданияти, адабиётида ўзгача ўрин тутади, – деди Қирғиз Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшонқул Чотонов. – Унинг адабий мероси – инсоният мероси, туркий халқлар ахлоқининг бетакрор рамзи. Навоий халқларимизни янада бир-бирига яқинлаштиради. Унинг ғоялари қирғиз адабиётига жуда яқиндир. Яқинда Ўш шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали қад ростлади. Навоий биз учун доим маънавий маёқ бўлиб қолаверади.  

–  Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарининг тўлиқ таржимасини итальян тилида нашр этганимизни маълум қилишдан ғоят мамнунман, – деди  Италиянинг “Сандро Тети Эдитор” нашриёти асосчиси ва раҳбари Сандро Тети. – Илк марта италияликлар улуғ алломанинг “Лисон ут-тайр” асарини, яъни дунё адабиётининг нодир намунасининг тўлиқ шаклини ўз она тилида ўқишга мушарраф бўлдилар. Бу Навоий меросидан шунчаки баҳрамандлик эмас, балки янгиланиш жараёнларини кечираётган Ўзбекистоннинг бой адабий, бадиий, тарихий мероси билан танишув ҳамдир. Бу асар – бетакрор илҳом, маърифат манбаи. Устозим, таниқли олим, академик Франко Кардини “биз ўзбек халқидан жуда қарздормиз, негаки бу юртнинг алломалари асарларидан фикрларни манбасини  келтирмай илмий, адабий иқтибослар келтирганмиз”, деб ҳаққоний айтганди. Назаримда, бу хатони тузатиш фурсати аллақачон етган. Данте эски ўзбек тилини ўзбек тилининг юксалишининг бошланиши, деб таъриф берганди. Бугун Ўзбекистон шиддат билан ривожланмоқда ва бунда учинчи Ренессанс пойдевори учун муҳим асос яратилмоқда.    

Тантанали анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, таниқли шоир Ғайрат Мажид “Ҳазрат Навоий зиёрати” номли шеърини ўқиб берди.  

Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли хонандаси, “Шуҳрат” медали соҳибаси Моҳичеҳра Жуманова Навоий ғазали билан куйланувчи қўшиқ ижро этди. 

Анжуманда Тошкент давлат Шарқшунослик университети ва Жаҳон тиллари университетида таҳсил олаётган мамлакатимиз ва хорижлик талабалар томонидан Алишер Навоий шеъриятидан намуналар ўқилди.  

Иштирокчилар Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди.  

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.  

Аллома бобомиз таваллудига бағишланган тадбирлар, анжуманлар юртимиз бўйлаб давом этмоқда.

Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлари