Жаҳон майдонида ўзбек боксининг имиджи баланд
Пойтахтимиздаги “Orient Finance Bank”нинг анжуманлар залида жорий йилнинг 25 октябрь – 6 ноябрь кунлари Сербиянинг Белград шаҳрида бокс бўйича ўтказиладиган жаҳон чемпионати олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Муроджон Мамадалиев, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов, Куба бокс федерацияси президенти Альберо Пуиг, Куба терма жамоаси бош мураббийи Роландо Асебал ҳамда Ўзбекистон терма жамоасининг 13 нафар боксчиси, кубалик боксчилар ва жаҳон чемпионатига борадиган мураббийларимиз журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Айтиш жоизки, бу галги жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган боксчилар 100 минг, кумуш медаль эгалари 50 минг, бронза медали соҳиблари эса 25 минг АҚШ доллари ҳамда ҳар бир ғолиб спортчи чемпионлик камари билан тақдирланади.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 13 август куни давлатимиз раҳбари Токио олимпиадасида Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган спортчилар билан учрашувда хориждаги энг кучли мактаб, терма жамоа ва спорт марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берган эди.
Шу боисдан боксчиларимизнинг 21-жаҳон чемпионатига тайёргарлиги учун ўтказилган ўқув-йиғинга Кубанинг танланиши бежиз эмас. “Янгиобод” машғулот базасида боксчиларимиз билан таркибидан 4 нафар олимпия чемпиони бўлган Куба термаси машғулотларда қатнашди. Машғулотлар жараёнида Куба боксининг техник-тактик ҳолати билан яна бир бор яқиндан танишилди, тажриба алмашилди.
Матбуот анжуманида айтилганидек, йиғин давомида юртимиз боксчилари кубаликлар билан 7 маротаба очиқ жанг машғулотларини ўтказишди. Бу эса," Рио-2016" олимпиадаси ғолиби ва 2019 йилги жаҳон чепионати етакчиси бўлган Ўзбекистон, "Токио-2020"да зафар қучган Куба жамоаси учун ҳар томонлама фойдали бўлди.
Куба бокс федерацияси президенти Альберо Пуиг саволларга жавоб бериш асносида, Ўзбекистонда олимпия спорт турлари ривожига кўрсатилаётган давлат миқёсидаги эътиборнинг самараси ўлароқ қисқа фурсатда жаҳон майдонида ўзбек боксининг имиджи пайдо бўлганлигини, Куба терма жамоасининг юртимиз боксчилари билан машғулот ўтказилиши Ўзбекистон томонидан қўллаб-қувватлаганлиги, зарур шарт-шароитлар яратилганлиги учун миннатдорлик билдириб, “Янгиобод”даги ҳамкорликда ўтказилган машқлар ҳар иккала терма жамоа учун Сербия рингларида асқатишини айтди.
Яна бир холат, Кубалик бокс мутасаддисининг фикрича, Сербиядаги жаҳон чемпионатида етакчилик асосан тўртта терма жамоа – Ўзбекистон, Куба, Россия ва Англия боксчилари ўртасида кечади. 21-чемпионатда Кубанинг тўлиқ таркибда иштирок этмаслиги эса вазиятни янада мураккаблаштириши эҳтимолдан йироқ эмас.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов журналистларни 21-жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган таркиб билан таништириб, ҳар бир вазндаги номзодларни саралаш учун ўтказилган текширув жанглари, боксчиларнинг имкониятлари ҳамда Куба терма жамоаси билан ўтган машғулотлардаги ҳолатлар хусусида тўхталди.
Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби М. Мамадалиев, мазкур жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик халқаро тоифадаги рефере Александр Ҳамидов чемпионт жангларини бошқариб боришини айтиб, Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларининг самарали кечаётганлиги натижасида ўзбекистонлик бир қатор мутахассислар АИБАнинг турли комиссияларига аъзоликка қабул қилинганлиги ва бу жараёнлар давом этаётганлигини таъкидлади. Шунингдек, Белграддаги мусобақаларда қатнашадиган барча спортчи ва мутахассислар ковид касаллигига қарши эмланганлигини айтиб ўтди.
Анжуман давомида жаҳон ва олимпия ўйинларида ғолибликка эришган истеъдодли боксчиларимиз Шаҳрам Ғиёсов, Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров ва Миразизбек Мирзахалиловлар ҳам журналистларнинг саволларига жавоб бериб, Сербиядаги жаҳон чемпионати баҳсларида халқимиз ишончини оқлаш йўлида бор имкониятдан фойдаланиши ҳақида фикр билдирди.
Қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтган маросим якунида Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан кубалик меҳмонларга миллий совғалар тақдим этилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур жаҳон чемпионатида дунёнинг 650 нафар боксчиси 13 та вазндаги баҳсларда иштирок этади.

Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган мамлакатимиз спорт делегацияси 22 октябрь куни эрта тонгда Сербияга жўнаб кетади.
Т. Рўзиев, ЎзА