Жаҳон чемпионатига Самарқандда қуръа ташланади
Жорий йилда юртимиз ФИФА шефелигидаги футзал бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Мусобақа олдидан турнирга қуръа ташлаш маросими 26 май куни Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида бўлиб ўтиши белгиланган.
Маросим дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакатига трансляция қилинади.

Кеча ФИФА президентининг футзал бўйича ёрдамчиси, ФИФА мусобақалар ўтказиш бўлими бошлиғи Ҳаиме Ярза бошчилигидаги делегация Самарқандга келди.

ФИФА масъуллари Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А.Икрамов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Равшан Эрматов иштирокида қуръа ташлаш жараёнига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш масалаларини муҳокама қилди.

ФИФА тавсияси асосида ташкилий қўмита аъзолари тасдиқланиб, вазифалар белгилаб олинди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари