Жорий йилнинг 26 октябрь – 3 ноябрь кунлари Черногориянинг Петровас шаҳрида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи шахматчилар ўртасида IBSA жаҳон чемпионати ўтказилди. Ўзбекистон терма жамоаси ушбу нуфузли мусобақада 4 нафар шахматчи билан қатнашди ва якунда истеъдодли шахматчимиз Аҳадхон Кимсанбоев кумуш медалга сазовор бўлди.
Бугун эрта тонгда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида матонатли пара шахматчиларимиз тантанали кутиб олинди. Мазкур маросимда Спорт вазирлиги ва Миллий паралимпия қўмитаси вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, спортчиларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Кутиб олиш маросимида мутасаддилар пара шахматчиларимизни жаҳон чемпионатидаги муваффақиятли иштироки билан қутлади ҳамда келгуси мусобақаларда омад тилади.
Эслатиб ўтамиз, учинчи бор ташкил этилган дунё биринчилигида сайёрамизнинг 13 та мамлакатидан энг кучли 36 нафар шахматчи иштирок этди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/cmhyaIMa4BM?si=ptvIIvZ5mvOTntmh" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА мухбири