Жаҳон банки экспертлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар муҳокама қилинди
Тошкент Аксилкоррупция форуми доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти ҳамда Жаҳон банки экспертлари ўртасида ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда соҳанинг институционал асосларини мустаҳкамлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, экспертлик кўмагини кўрсатишдаги ҳамкорлик ҳар икки томон учун ҳам самарали бўлаётгани таъкидланди.
Хусусан, Агентлик директори Акмал Бурхонов Жаҳон банкининг Ўзбекистонда давлат органлари фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш методологиясини ишлаб чиқишдаги ва Агентлик фаолиятини институционал баҳолашдаги кўмаги учун миннатдорлик билдирди.

Учрашув якунида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Агентлик ва Жаҳон банкининг Ҳалоллик вице-президентлиги ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Мазкур ҳужжатда фирибгарлик ва коррупцияни аниқлаш ва олдини олиш, шу жумладан, ҳалолликка риоя қилиш ва самарали бошқарув тамойилларини жорий этиш бўйича қўшма тадбирларни амалга ошириш; агентлик мутахассисларининг салоҳиятини ошириш, жумладан, давлат хизматчиларининг мол-мулки ва активларини декларация қилиш, давлат харидлари, коррупциявий хавфларни баҳолаш, шунингдек, тергов кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган қўшма тренинглар ташкил этиш; коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўрганишларни амалга оширишда ҳамкорликни ривожлантириш каби ҳамкорлик йўналишларига алоҳида урғу берилган.
Учрашувда ҳар бир йўналиш бўйича аниқ вазифа ва режалар белгилаб олинди ҳамда ушбу келишув икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши, ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши қайд этилди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА