Жаҳон банки билан ҳамкорлик давом этади
Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли бошчилигидаги делегация Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.
Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вазирликлар, давлат ташкилотлари вакиллари иштирокида ўтказилган маслаҳат сессиясида Хоразм вилоятидан ҳам вакиллар видеоконференцалоқа тарзида қатнашди.
Тадбирда делегация вакиллари томонидан Ўзбекистонда, шу жумладан, Оролбўйи минтақасида Жаҳон банки томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Таъкидланганидек, айни пайтда Жаҳон банки ҳукуматга 24 та лойиҳани амалга оширишда молиявий кўмак ва техник ёрдам кўрсатмоқда.
Улар макроиқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, сув таъминоти, энергетика, тарнспорт, ижтимоий ҳимоя тизимлари, шаҳар ва қишлоқ инфратузулмасини ривожлантириш, шунингдек, COVID-19 пандемиясининг фуқаролар ва иқтисодиётга таъсирини юмшатишда ўз ҳиссасини қўшмоқда.
– Асосий мақсадимиз, янги амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича ҳудудлардан таклифлар эшитиш ва муҳокама этишдан иборат, – дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.
– Хусусан, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш йўналишида муҳокама олиб бормоқчимиз. Боиси, ҳозирда Жаҳон банки Ўзбекистон билан янги ҳамкорлик дастурини тасдиқлаш арафасида турибди. Ушбу ҳамкорлик дастурида биз нафақат молиявий ёрдам кўринишида, балки билим алмашинув ва техник кўмак кўрсатиш бўйича чора-тадбирларни ҳам амалга оширамиз.
Бунинг учун биз жойларда маслаҳатлашувлар ўтказиб, мавжуд муаммолар ва эҳтиёжларни ўрганмоқдамиз. Шу орқали қайси лойиҳаларни амалга ошириш устувор аҳамият касб этишига аниқлик киритиб олмоқдамиз.
Мана бугунги маслаҳат сессиясида ҳам қишлоқ хўжалиги учун сув таъминотини яхшилаш, ичимлик сув ва оқава сув борасида лойиҳаларни давом эттириш, кўламини кенгайтириш бўйича бир неча таклифлар билдирилди. Биз, берилган барча таклифларни Тошкент шаҳрида ўтказиладиган муҳокамаларда илгари сурамиз ва келгуси йил тасдиқланадиган дастурга киритишга ҳаракат қиламиз.
Тадбирда Жаҳон банки иштирокида амалга оширилаётган “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси якунида 3 та туманда сув таъминоти яхшиланишини, шунингдек, бир неча насос станциялари фаолияти, насос агрегатлари тўхтатилиши натижасида кўп миқдорда электроэнергия ва фойдаланиш харажатлари иқтисод қилиниши таъкидлаб ўтилди.
Шу нуқтаи назардан мазкур йўналишдаги лойиҳани давом эттириб, Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларидаги магистрал каналларни реконструкция қилиш борасидаги лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва бошқа қатор таклифлар билдирилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА