Жаҳолатга қарши маърифат
Маълумки, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун, аввало, киши организмида унга қарши иммунитет ҳосил қилинади. Шу маънода фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бинобарин, ёшларимиздан мустақил фикрлаш, маънавиятли, миллий қадриятларга содиқ, дунёқараши кенг, иродаси мустаҳкам, сабр-бардошли бўлиш, ошкора ва пинҳона кўринишдаги турли маънавий таҳдидларга доим тайёр туриш, замон билан баробар қадам ташлаш талаб этилади.



Айни кунларда Фарғона вилоятидаги профессионал таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида тадбирлар ўтказилмоқда. Шундай тадбирлар Фарғона давлат университети академик лицейи, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиали академик лицейи, Фарғона имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаби ҳамда Боғдод, Қува, Қўштепа, Олтиариқ туманларидаги касб-ҳунар мактабларида бўлиб ўтди. Тадбир аввалида фотокўргазма ташкил қилиниб, экстремизм ва терроризм, гиёҳвандлик ва бошқа салбий иллатларнинг оқибатлари, ёшлар тарбияси, илм олиш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни тарғиб қилувчи лавҳалар намойиш этилди. Шунингдек, тадбирларда имом-хатиблар ва бошқа маърузачилар томонидан ислом дини тинчлик дини эканлиги, тинчлик-осойишталик улуғ неъматлиги, илм олиш зарурат ва савоби, ота-онани ҳурмат қилиш, Ватанни севиш ҳамда жаҳолатга қарши фақат маърифат билан курашиш мумкинлиги ҳақида маърузалар қилинди.
Мазкур тадбирлар вилоят ҳокимлиги, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят бошқармаси, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилмоқда.



Н. Бозорова, ЎзА