Жаҳолатга қарши маърифат
Навоий вилояти Хатирчи туманида “Жаҳолатга қарши маърифат билан” мавзуида маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Туман ҳокими Сайфиддин Низамов, “Тафаккур” ННТ маркази раҳбари Жонибек Шуҳратов, Навоий вилояти Болалар кутубхонаси директори Машраб Тошев, тумандаги умумий ўрта таълим мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этган тадбирда умумтаълим мактабларида маънавий-маърифий ишларни янада жонлантириш, ўқувчиларни китоб мутолаасига қизиқтириш орқали ватанпарварлик ва миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

– Бугун дунёнинг турли жойларида рўй бераётган ўзгаришлар, турли мафкуралар тортишуви кескин тус олаётган бир вазиятда фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этмоқда, – деди туман ҳокими С.Низомов. – Биз ёшларимизни она Ватанимизга бўлган муҳаббат, тарихимиз, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашни бош мақсад қилиб олган эканмиз, аввало, улар онгида ва қалбида мафкуравий, маънавий иммунитетни кучайтиришимиз лозим.
Токи ёшлар миллий ўзлигини, шу билан бирга, дунёни чуқурроқ англайдиган, замон билан ҳамнафас қадам ташлайдиган фарзандлар бўлиб вояга етсин. Бунинг учун эса уларни оилада, боғча ва мактабда тарбиялаб, билим олишларига эътиборли бўлишимиз керак.

Албатта, ёшлардаги маънавий бўшлиқни тўлдириш учун уларни китоб ўқишга қизиқтириш бугунги куннинг асосий вазифалардан биридир. Зеро китобга ошно бўлган қалбларда эзгулик ниш уради. Турли тажовузлардан йироқ бўлади.
– Халқимиз азал-азалдан китобни қадрлаган, уни авайлаб асраган, – дейди вилоят болалар кутубхонаси директори М.Тошов. – Чунки китоб ақлни чархлайдиган, инсонни маънавий камолот сари етаклайдиган бебаҳо воситалардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда ҳам аҳоли, айниқса, ёшларда китобга қизиқиш, мутолаа маданиятини юксалтириш тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Китоб инсон қалбида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, одамларда меҳр-оқибат туйғуларини камол топтиришда муҳим ўринга эга. Китоб ўқиган кишининг маънавияти юксалиб, дунёқараши кенгайиб бораверади. Бугунги ёшларимиз орасида китобга қизиқиш тоборо кучайиб бормоқда. Буни кутубхонага келаётган ёшлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Бугунги шиддат билан ўзгараётган даврда ёшлар онгу шуурини интернет орқали кириб келаётган зарарли ғоя ва таъсирлардан самарали ва ишончли ҳимоялаш долзарблигича қолмоқда. Бу нафақат ота-оналар, балки ўқитувчилар, маънавият тарғиботчиларидан ҳам ёш авлоднинг ғоявий-мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтиришни талаб қилади.
“Тафаккур” ННТ маркази раҳбари Жонибек Шуҳратовнинг “Ахборот хуружлари ва унинг жамият ва ёшлар онгига салбий таъсири” мавзусидаги мулоҳазалари ҳаётий мисоллар асосида баён этилгани барчада катта таассурот қолдирди.
Тадбирда аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, китоб инсонни эзгуликка, маънавий баркамолликка етакловчи асосий кучдир.
Отабек Мўминов,
Хатирчи тумани ҳокимининг маслаҳатчиси
ЎзА