“Жаҳолатга қарши – маърифат билан”
Жиззах вилоятида маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, динлараро ҳамда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш мақсадида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Арнасой туман ихтисослаштирилган мактабида “Жаҳолатга қарши – маърифат билан” ғояси асосида ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилашга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда туман ихтисослашган мактабининг ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди. Дин ишлари бўйича қўмитанинг Арнасой туманидаги бош мутахассиси Ғулом Сайдуллаев, туман ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлими бошлиғи Умид Сайпиллаев ҳамда туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гулзода Ҳайдарова томонидан мавзуга оид маърузалар катта қизиқиш билан тинглади.
Йиғилиш иштирокчиларига “Sohta da’volar” номли видеофильм намойиш этилди.
Фуқароларга юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга диний тус бериш, сохта ғояларни асл диний қадриятлар сифатида талқин қилиш ва аҳолига носоғлом ақидаларни сингдириш ҳолатлари кузатилаётганлиги таъкидланди.
Шунингдек, янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг мазмун- моҳияти юзасидан ҳам атрофлича тушунчалар берилди.
Туманда ички ва ташқи таҳдид ҳамда хавф-хатарларга қарши самарали курашиш мақсадида “Жаҳолатга қарши – маърифат билан” мавзусида маънавий-маърифий тарғибот-ташвиқот тадбирлари давом этмоқда.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири