Қизил денгизга бағишланган кўргазма
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида россиялик фоторассом, ихтиолог Александр Маркевичнинг “Қизил денгиз сув ости дунёси” номли фотокўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида россиялик фоторассом, ихтиолог Александр Маркевичнинг “Қизил денгиз сув ости дунёси” номли фотокўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Кўргазмада ижодкорнинг Қизил денгиз сув ости дунёсидан олинган 70 та фотоасари намойиш қилинаётир.
Александр Маркевич 1952 йили Украинанинг Днепропетровск шаҳрида туғилган. Ихтиолог, илмий ходим ва биология фанлари номзоди А.Маркевич ҳозир Владивосток шаҳрида Россия Фанлар академиясининг Узоқ шарқ денгиз қўриқхонасида фаолият кўрсатмоқда.
Маҳоратли ижодкор суратга олиш билан мактаб ёшидан бошлаб шуғулланган. Унинг фотосуратлари Тинч океан рассомлари иттифоқи аъзолари ҳамкорлигидаги “Океан мутахассис ва ҳаваскорлар фотосуратларида” ва “Владивосток: ўтмиш ва бугун” фотоальбомларида чоп этилган. Шунингдек, кўплаб дунёга машҳур журналлардан у олган суратлар жой олган.
Ижодкорнинг касби сайёрамизнинг деярли барча чучук ва денгиз сувларида яшовчи балиқ-ҳайвонларни ўрганиш билан боғлиқ. Ўзининг ишлари билан фоторассом табиатга маҳлиё эканини ва бунга бошқаларнинг ҳам эътиборини тортишни истайди. Шу билан бирга қалқиб турган экологик мувозанатни ўйлаш ва она заминни сақлашга даъват қилади. Қизил денгизнинг ноёб хусусияти шундаки, биронта дарё унга қуйилмайди. Кўргазма давомида иштирокчилар мазкур денгиздаги ноёб мавжудотларнинг ажойиб суратларидан баҳраманд бўлишади.
Муаллифнинг ушбу фотокўргазмани ўтказишдан мақсади санъат шайдоларига Қизил денгизнинг ноёблиги ва гўзаллигини кўрсатиш ҳамда табиатни асрашга чақиришдир.