“Ижтимоий реестр” фаолияти таҳлил қилинди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий хизматларнинг ўз вақтида ва манзилли кўрсатилиши бўйича ўрганишлар ўтказиб, эришилаётган натижалар, юзага келаётган масалаларни соҳа масъуллари ва экспертлар иштирокида таҳлил қилиб бормоқда. Жумладан, Нукус шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий реестр амалиёти: муаммоларга ечимлар ва янги ёндашувлар” мавзусидаги давра суҳбати ҳам бунга яққол мисол бўлди.
Йиғилишда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов тадбирнинг асосий мақсади аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимида “Ижтимоий реестр” амалиётининг самарадорлигини таҳлил қилиш, амалиётда учраётган муаммоларни муҳокама қилиш, манзиллилик ва шаффофликни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда халқаро ва миллий тажрибалар асосида янги ёндашувларни белгилаб олишдан иборатлигини таъкидлади.

Келтирилишича, 2026 йил январь-май ойларида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича кам даромадли оилаларни камбағалликдан чиқариш режасига мувофиқ, 6 минг 627 та оила қамраб олиниши белгиланган. Амалда эса белгиланганрежадан анча юқори натижага эришилган. Яъни, 13 минг 301 та оила қамраб олинган. Бунда жами 15 минг 358 та хизмат кўрсатилган.

Шу билан бирга, ўрганишларда тизимнинг янада самарадор ва манзилли ишлашига тўсиқ бўлаётган айрим жиҳатлар кўзга ташланган. Жумладан, оилаларнинг таркибини тўғришакллантиришда ҳали ҳам муаммолар борлигиқайд этилди. Хусусан, “Ижтимоий реестр”га киритиш ёки болалар нафақаси ва моддий ёрдамтайинлаш учун фуқаролардан мурожаат бўлгандавафот этган оила аъзолари оила таркибиданчиқарилмагани, доимий яшаш учун чет элга чиқиб кетган ва оила қурган фарзандлари оила таркибигақўшиб шаклланиши ҳолатлари учраб тургани қайд этилди.

Давра суҳбати якунида партия фаоллари, депутатлар ҳамда масъул идоралар вакиллари ижтимоий ҳимоя масаласида ўзаро ҳамкорликда янада самарали ишлашга, жойларда доимий ўрганишлар олиб боришга, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этишда жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтиришга келишиб олишди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.