Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонун юзасидан қўмита хулосасини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Қонун аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилгани таъкидланди. Унда давлат ижтимоий суғуртасининг амал қилиши, суғурта ҳодисаси, суғурталанган шахснинг, суғурталовчининг, суғурта қилдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланган.
Қонунда давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари манбалари, суғурта бадали ставкаси, суғурта бадалларини тўловчилар, давлат ижтимоий суғуртаси молиявий барқарорлигининг давлат кафолатлари, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш каби қатор масалалар назарда тутилган.

Қўмита аъзолари ҳамда экспертлар томонидан ушбу қонуннинг айрим нормаларини қайта кўриб чиқиш ва мавжуд қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштириш лозимлигига эътибор қаратилди.
Ҳужжатда ваколатли органнинг ваколатлари ва вазифалари очиб берилмагани, ижтимоий кафолатлар етарли даражада белгиланмагани, суғурта бадали ставкаси, суғурта бадалини ҳисоблаш муддатлари ва тартиби, суғурта бадалини тўлаш бўйича кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятини бериш тартиби, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар миқдорлари ва даврлари акс этмагани таъкидланди.
Муҳокамалар якунида ушбу қонунни қайта кўриб чиқиш лозимлигига оид хулосани Сенат кенгашига киритиш бўйича қўмита қарори қабул қилинди.

Мажлисда “Ижтимоий иш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди. Қонуннинг мақсади ижтимоий иш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат эканига алоҳида эътибор қаратилди.
Қонунда ижтимоий иш соҳасидаги асосий тушунчалар акс эттирилган бўлиб, ижтимоий иш соҳасининг асосий принциплари, ижтимоий ишни ташкил этиш, ижтимоий иш соҳасини тартибга солиш, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам соҳасидаги давлат назорати, ижтимоий ходимнинг мажбуриятлари, ижтимоий ходим фаолиятининг кафолатлари белгилаб берилаётгани таъкидланди.
Мажлис якунида қонун юзасидан манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда экспертларнинг таклифлари эшитилди. Батафсил ўрганишлардан сўнг қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА