Ижтимоий масалалар прокуратура назоратида
Қиш мавсумини беталафот ўтказиш, аҳоли яшаш манзиллари, айниқса, кўп қаватли уйлардаги хонадонларни энергия ресурслари, хусусан кўмир ва суюлтирилган газ билан таъминлаш масаласи мутасаддилар олдидаги муҳим вазифалардан биридир.
Наманган вилояти прокурори, вилоят иккинчи сектор раҳбари Бектош Сойипов ҳамда Республика Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи Шерзодбек Тўхтабоев айни шу мақсадда Чортоқ туманида бўлди. Ўрганишлар аввалида, туман марказидаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган аҳолини газ ва электр энергияси билан доимий таъминлаш, юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриш бўйича тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, туман прокурори Абдулбосит Нурматов масъул бўлган иккинчи сектор ҳудудида жойлашган маҳаллаларда “Темир дафтар”га киритилган хонадонларга борилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди. Олдин ушбу ижтимоий дафтарда туриб, прокуратуранинг амалий кўмагида пишириқлар ишлаб чиқарувчи цех ташкил этган, айни пайтда “Байналмилал” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Дунё ширинликлари” масъулияти чекланган жамиятида 15 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаган тадбиркор аёл Нозима Аминова фаолияти билан танишиб, бу жойда ишлаётган хотин-қизлар билан суҳбат қурилди.

Сўнгра, туман деҳқон бозорида арзонлаштирилган нархларда қишлоқ хўжалиги ва асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланганлиги, нарх-наво, савдо шохобчаларида харидорлар ва сотувчилар учун яратилган шароитлар ўрганилди.
Бундан ташқари, туман марказий шифохонасида даволанаётган беморлар ҳам йўқланди. Тез тиббий ёрдам ҳамда болалар бўлими кўздан кечирилиб, унда беморлар учун кўрсатилаётган тиббий хизмат кўлами, иссиқлик таъминоти, яратилган имкониятлар кўздан кечирилди.

Қолаверса, тиббиёт муассасасини дори-дармонлар билан таъминлашга оид ҳолатлар атрофлича ўрганилди. Соғлиқни сақлаш масканларида электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш юзасидан масъулларга керакли тавсия ва топшириқлар берилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА