Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги муассасаларнинг айрим лавозимлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари белгиланди
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига хизмат кўрсатувчи мутахассислар меҳнати ҳамиша эътиборга молик.
Шуни ҳисобга олган ҳолда Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги тиббий-ижтимоий муассасаларнинг айрим лавозимлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини давлат рўйхатидан ўтказди.
2026 йил 25 июнда қабул қилинган Мазкур идоравий ҳужжатда қуйидаги тиббий-ижтимоий муассасалардаги директор, бош врач, директорнинг (бош врачнинг) ўринбосарлари, шу жумладан тиббиёт ишлари бўйича ўринбосар, бош ҳамшира, бош бухгалтер, бухгалтер, иқтисодчи, кадрлар бўйича инспектор ва ижтимоий ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари белгиланган.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари;
Ногиронлиги бўлган шахслар учун «Ғамхўрлик» марказлари;
Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ва унинг ҳудудий марказлари;
Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар.
Юқоридаги тиббий-ижтимоий муассасаларнинг директор (бош врач)лари, директор (бош врач)нинг ўринбосарлари, шу жумладан тиббиёт ишлари бўйича ўринбосари, бош бухгалтери, бухгалтери, иқтисодчиси, кадрлар бўйича инспектори ва ижтимоий ходимларига кўп йиллик фаолияти учун қуйидаги миқдорларда ҳар ойлик устама тўланади:
1 йилдан 3 йилгача 30 фоиз;
3 йилдан 5 йилгача 60 фоиз;
5 йилдан 10 йилгача 80 фоиз;
10 йилдан 15 йилгача 100 фоиз;
15 йил ва ундан юқори 120 фоиз.
Шербек Исломов, ЎзА