Ижтимоий ҳимоя Конституция билан кафолатланган
Мамлакатимизда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси жорий йилнинг 25 июнидан умумхалқ муҳокамасига қўйилган ва бугунги кунда жараён давом этмоқда.
Ушбу конституциявий қонун лойиҳасида Конституциянинг кўплаб моддаларига 200 дан ортиқ тузатишлар киритишни назарда тутмоқда. Республикамиз мустақилликка эришган йилларидан, айниқса, Ҳаракатлар стратегияси ва Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида “инсон қадри” ислоҳотларнинг бош мезони бўлганлиги сабабли, киритилиши кутилаётган ўзгартиришлар, қўшимчалар ва янги нормалар ҳам “инсон – жамият – давлат” тамойилига асосланган.
Маълумки, Конституциянинг Сиёсий ҳуқуқлар бўйича VIII-бобининг 32-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади.
Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади” деб кўрсатилган.
Мазкур сиёсий жараён ҳам айнан Конституциянинг ушбу моддасига таянган ҳолда фуқаролар ўз таклиф, фикр ва мулоҳазалари билан Конституциявий қонуни лойиҳаси муҳокамасида иштирок этмоқдалар. Билдирилган таклифлар махсус комиссия томонидан ўрганилган ҳолда Конституция лойиҳасида ўз аксини топмоқда. Ҳозирда Конституциявий қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш мақсадида учрашувлар, оммавий ахборот воситалари орқали баҳс-мунозаралар давом этмоқда.
Дарҳақиқат, Конституциявий қонун лойиҳасида авваламбор инсон қадрига, “инсон – жамият – давлат” тамойилига, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга ва ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга асосланган.
Буни биргина Конституциянинг 39-моддасида мавжуд матн ва лойиҳадаги таклифлар билан солиштирилганда ҳам кўриш мумкин.
Амалдаги Конституциянинг 39-моддасида фақат қариялар, ногиронлар ва боқувчисини йўқотган шахсларнинг ижтимоий таъминоти белгиланган бўлса, умумхалқ муҳокамасига тақдим этилган Конституциявий қонун лойиҳасида эса “Ҳар бир шахс қариганда, меҳнатга лаёқатини йўқотганда, ишсизликда, ногиронликда, шунингдек, боқувчисидан марҳум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.
Давлат ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратади, давлат пенсияларини, нафақаларини ва ижтимоий ёрдамнинг бошқа турларини белгилайди.
Пенсияларнинг, нафақаларнинг, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас. Давлат ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд ва кам таъминланган, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни қонунда белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлайди.
Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини амалга ошириш учун зарур тенг шароитлар яратади.
Ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, ҳисобга олмаслик, четлатиш, чеклаш ёки ортиқча ён босиш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бўйин товлаш тақиқланади” деб белгиланмоқда. Бундан кўриниб турибдики, ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган шахсларнинг барча тоифаси Конституциявий қонун лойиҳасида тўлиқ қамраб олинган ва улар таъминотининг минимал миқдорлари белгиланган. Ушбу тоифа шахсларнинг ҳуқуқлари Конституция билан тўғридан-тўғри кафолатланмоқда.
Шу билан бирга ушбу модданинг айрим қисмларига аниқлаштирувчи нормалар киритилса мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Биринчидан, қария ким? Инсон неча ёшида қария ҳисобланади? Иккинчидан, пенсияларнинг, нафақаларнинг, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.
Ушбу масалалар бўйича қуйидагилар таклиф этилади.
Биринчи масала бўйича бирор-бир қонунчиликда қария тушунчасига таъриф берилмаган, одатда ёшга доир пенсия олувчи фуқароларни қария деб ҳисоблайдилар. Ҳаттоки Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларни давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунида ҳам қария сўзи ўрнига ёшга доир сўзлари қўлланилган. Ушбу “қария” сўзини “меҳнат лаёқатидан катта ёшдаги шахслар” сўзига алмаштириш;
Иккинчидан, айрим чет эл давлатлар қонунчилигида пенсия ва нафақалар миқдори белгиланган минимал истеъмол саватчаси ёки яшаш минимумидан кам бўлмаслиги белгиланган. Аммо ижтимоий ёрдам бошқа турларининг кам миқдорлари белгиланмаган. Чунки моддий ёрдам турлари хилма-хил бўлиб, уларнинг кам миқдорларини белгилашда кўплаб қийинчиликлар келиб чиқиши мумкин, шунга асосан ушбу жумлани чиқариб ташлаш таклиф этилади.
Конституцияга киритилаётган барча ўзгаришлар, инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун, барча фуқаролар тенг ҳуқуқли, жамиятда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиш, тадбиркорликнинг ривожланиши учун шарт-шароитларни таъминлаш, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаш, тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолият билан шуғулланишга ва тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олиш кафолатларини белгиламоқда.
Маҳмуджон Зиядуллаев,
Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)
доцент.
ЎзА