Ижтимоий ҳимоя: “Ақлли” ва “Яшил таъмир”ли уйлар
Қўқон шаҳрида бугунги кунда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз ва ёлғиз яшовчи ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда шаҳарда ана шундай тоифага мансуб 104 нафар фуқарога “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда.
Ҳадияхон ая Мамаджанова 60 ёшни қаршилаган. Саломатлиги билан боғлиқ муаммолар туфайли кундалик турмуш ишларини мустақил бажаришда қийналади. Фуқаронинг ҳолати “Инсон” маркази мутахассислари томонидан халқаро амалиётда қўлланиладиган Бартель ва Лоутон шкалалари асосида баҳоланди. Баҳолаш натижаларига кўра, Ҳадияхон ая 51 балл билан “ўзганинг ёрдамига анча боғлиқ” тоифасига киритилди. Шунга кўра, фуқарога ассистент бириктирилди ва ҳафтанинг тўрт кунида 3 соатдан уйда маиший хизматлар, ҳафтанинг қолган уч кунида 2 соатдан тиббий-ижтимоий реабилитация хизматлари кўрсатилиши таъминланди.
Ҳадияхон аянинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида унга ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари учун моддий ёрдам тўлаб келиняпти. Эътиборли жиҳати шундаки, Ҳадияхон аянинг хонадони замонавий “ақлли уй” технологияси билан жиҳозланди. Энди у ортиқча жисмоний қийинчиликларсиз, овоз орқали хонадондаги маиший жиҳозларни масофадан туриб бошқариш имкониятига эга бўлди. Ёритиш ва хонани шамоллатиш тизимлари, телевизор ва бошқа қурилмаларни товуш орқали идора қилиш имконияти Ҳадияхон ая учун катта енгиллик яратди. Бу каби замонавий ечимлар нафақат ногиронлиги бўлган шахсларнинг кундалик ҳаётини енгиллаштиради, балки уларнинг мустақил яшаш имкониятини кенгайтиради, ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Навбатдаги манзил – вилоятнинг Данғара тумани. Давлат раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги ПҚ-49-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманда Ижтимоий реестрга киритилган, I гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжуд бўлмаган оилалар хонадонларини “яшил” таъмирлаш бўйича амалий ишлар жадаллик билан олиб бориляпти. Жумладан, тумандаги жами 44 та маҳалла бўйича ўрганиш ишлари ташкил этилиб, Ижтимоий реестрга киритилган ҳамда қарор талабларига мос келувчи 16 та оила аниқланди.
Амалга оширилган ишлар давомида 9 та хонадонда девор ва том қисмларини изоляция қилиш, 15 та хонадонда энергия тежамкор дераза ва эшиклар, 6 та хонадонда гелиоколлектор ўрнатиш бўйича ишлар бажарилди. Натижада эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш, энергия сарфини камайтириш ҳамда хонадонларда иссиқликни сақлаш имкониятини оширишга эришилди.
Пишқарон маҳалласида яшовчи I гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаро Мадаминжон Ашуров хонадонининг 50 м² ташқи деворлари базальт қопламаси билан қопланди. 50 м² том қисми ҳамда 80 м² пол қисми изоляция қилинди, иссиқ сув учун гелиоколлектр, иссиқлик тежовчи 3 та ром ва 1 та эшик ўрнатилди. Шунингдек, оила доимий қўшимча даромадга эга бўлиши учун хонадоннинг бир қисмида савдо дўкони ташкил этилди.
Умуман олганда, Президентнинг ушбу қарори ижроси доирасида Данғара туманида ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг турмуш шароитини яхшилаш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда эҳтиёжманд оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар тизимли равишда давом этяпти. Қўқон шаҳрида яшовчи Ҳадияхон ая ёки данғаралик Мадаминжон Ашуров каби эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор – инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА