Ижтимоий давлатчиликнинг ҳуқуқий асоси
Халқимиз мустақилликнинг бебаҳо неъмати, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқлари ишончли кафолати – Конституциямиз 27 йиллигини чексиз ғурур ва ифтихор билан нишонламоқда.
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни
Халқимиз мустақилликнинг бебаҳо неъмати, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқлари ишончли кафолати – Конституциямиз 27 йиллигини чексиз ғурур ва ифтихор билан нишонламоқда.
Ўтган давр мобайнида Конституция халқимиз ижтимоий-сиёсий онгини, ҳуқуқий савияси ҳамда маданиятини ўзгартириш ва юксалтиришда беқиёс аҳамият касб этди. Айниқса, ижтимоий адолат ғояларини, демократик қадриятлар ҳамда инсонпарварлик мафкурасини сингдириш борасида муҳим омил бўлганини эътироф этиш жоиз.
Конституцияда давлатимизнинг ижтимоий-сиёсий табиати, юридик моҳияти ҳамда демократик тавсифи ўз ифодасини топган. Асосий қонун воситасида давлат, жамият ва фуқаролар ўртасидаги муносабатлар, узвий алоқадорлик ҳуқуқий расмийлашади.
Маълумки, Конституция давлат қонунлари тизимида алоҳида нуфузли мақом тутади. Зеро, у юридик кучи ва тартибга солиш қамрови жиҳатидан энг юқори даражада турувчи қонун бўлиб, мамлакат ҳуқуқий тизими эҳромида олий мавқени эгаллайди. Бошқача айтганда, Конституция давлат суверенитетининг юксак юридик тимсоли сифатида барча қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сирасида шаксиз устуворлик қилади.
Давлатимиз халқ манфаатларига хизмат қилувчи демократик табиатга эга бўлгани боис ўз фаолиятида демократизм, халқ ҳокимиятчилиги, ижтимоий-сиёсий-ҳуқуқий плюрализм, инсон ҳуқуқларининг устуворлиги, ижтимоий адолат, ҳокимиятлар тақсимланиши, қонунийлик, қонун ва суд олдида барчанинг тенглиги, миллий қонунчиликнинг халқаро умумэътироф этилган принцип ва стандартларга мослиги каби принципларга таянади.
Ижтимоий адолат тамойиллари ва демократия мезонларига асосланиб амалга ошириладиган давлат ҳокимияти халқ манфаатини ифода этиб, жамиятни бошқариш ҳамда ривожлантиришга хизмат қилувчи яратувчанлик, бунёдкорлик омили (ижодкор куч) сифатида майдонга чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси моддаларига мувофиқ, давлатимизнинг ижтимоий йўналтирилган, инсонпарвар-ижтимоий табиат ва моҳиятга эга эканини эътироф этиш мумкин. Аввало, Асосий қонунимизнинг муқаддимасида давлатнинг мақсади республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш, деб белгиланган. 2-моддасида эса давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул экани айтилган. Ушбу конституциявий талаб давлатнинг жамият ва фуқаролар олдидаги ижтимоий мажбуриятларини тўла-тўкис бажариш соҳасига ҳам тааллуқлидир.
Асосий қонунимизда мустаҳкамланганидек, барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт. Ижтимоий адолат принципига урғу берилиши давлатга, унинг барча органлари зиммасига катта масъулият юклайди. Шахсни ҳурмат қилиш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш – давлат органлари, жамоат ташкилотлари ҳамда мансабдор шахсларнинг мажбуриятлари ҳисобланади (30-модда).
Таъкидлаш лозимки, Конституцияда ижтимоий давлатга хос қуйидаги нормалар мустаҳкамланган: ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир (37-модда). Ушбу конституциявий талабни амалга ошириш мақсадида “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида” қонун қабул қилинган. Кейинчалик “Бандлик тўғрисида”ги қонун яратилиб, жойларда меҳнат биржалари фаолияти кенг йўлга қўйилди.
Ижтимоий табиатга эга давлатимиз ҳар кимга қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда белгиланган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқини кафолатли таъминлайди. Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдамнинг бошқа турлари миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдоридан оз бўлиши мумкин эмас (39-модда).
Ижтимоий соҳанинг муҳим йўналишларидан бири аҳоли соғлиғини сақлаш тизимини жорий этишдир. Конституциямизда ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини янада яхшилаш бўйича муҳим дастурлар қабул қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Соғлиқни сақлаш тизимини 2019-2025 йилларда ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Бугунги куннинг талаби бўлган хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш бўйича ҳам сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги уч йилда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажара бориб, ижтимоий соҳада салмоқли ишлар амалга оширилди, ижтимоий ҳимоянинг тамомила янги модели яратилди. Ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш, кўмак ва ёрдамга муҳтож инсонлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун муносиб шароит яратиб бериш масаласи давлатимиз диққат марказида бўлиб келмоқда.
Ижтимоий давлатнинг муҳим функцияларидан яна бири аҳолининг кам таъминланган қатламларини устувор қўллаб-қувватлашдан иборат. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари таҳсинга лойиқ: “Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида электр энергияси, табиий газ ва коммунал хизматлар учун тўловларнинг бир қисмини давлат томонидан компенсация қилиш чораларини кўришимиз лозим”.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 45-моддасига кўра, вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир. Юртимизда катта ёшдаги авлодга, кексаларга ҳурмат кўрсатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгандир. Шунингдек, вояга етмаганлар омбудсмани институтини жорий этиш борасидаги ташаббуслар ҳам таҳсинга лойиқ.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси салмоқли ижтимоий ва инсонпарвар моддаларни ўз мазмунига жо этган. Конституциямиз ўрнатган принцип ва нормалар давлатимизнинг моҳиятини, сиёсий-ижтимоий табиатини ҳам белгилаб беради. У амал қилаётган йиллар мобайнида давлатимизнинг ижтимоий йўналтирилган функциялари, инсонпарвар табиати ҳам тобора яққолроқ намоён бўлиб бормоқда.
Конституция ва унинг негизида яратилган ижтимоий қонунчилик тизими ҳамда ушбу қонунчилик базасини ҳаётга жорий этиш билан боғлиқ давлат функциялари йўналишларини таҳлил қилиш асосида шундай хулосага келиш мумкинки, давлатимиз ўз фаолияти мазмунига кўра, демократик ҳуқуқий ижтимоий давлат мартабасига тобора кўпроқ эга бўлиб бормоқда.
Ҳаракатлар стратегиясининг ижтимоий соҳани ривожлантиришга оид йўналишида белгиланган устувор вазифаларни бажаришга бағишлаб тасдиқланган Давлат дастурлари ижросини таъминлаш асносида, шунингдек, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб номланган 2019 йилда аҳолининг имкон қадар кенг қатламлари тирикчилик манбаи ва зарур маблағларга эга бўлиши мақсадларидан келиб чиқиб, 370 минг янги иш ўрни яратилди. Шу мақсадда жамоат ишлари жамғармасидан 106,2 миллиард сўм маблағ сарфланди.
“Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” дастурлари доирасида 252,7 мингдан зиёд юртдошимиз тадбиркорлик фаолиятига жалб этилди. Айни вақтда ишсизлик нафақалари тўлаш мунтазам йўлга қўйилиб, 31,9 минг шахсга пул маблағлари тўлаб берилди.
Давлатимизнинг ижтимоий табиати ва моҳиятини намоён этувчи, исбот қилувчи бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Таҳлилимизни давлатимиз раҳбарининг қуйидаги фикрлари билан якунлаймиз: “Барчамиз бир нарсани тушуниб олишимиз керак: яхши яшаш учун энг аввало яхши меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркинлик билан бирга, жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этишимиз зарур. Бунга эришиш эса, фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ. Кўзланган марраларимиз қанчалик юксак ва машаққатли бўлмасин, уларга етиш учун барча имкониятларимиз мавжуд. Аждодларимиз мероси, халқимизнинг илмий ва бунёдкорлик салоҳияти ҳамда тадбиркорлик фазилати бизга бу йўлда беқиёс куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади”.
Ҳожимурод ОДИЛҚОРИЕВ,
Юридик фанлари доктори, профессор.