Ижодкорлар талабалар ҳузурига борди
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқулов ва таниқли ижодкорлар Мақсуд Жонихонов ҳамда Зуҳро Эшонқулова иштирокида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Дастлаб университет талаба-ёшлари билан учрашувда бугунги адабий жараён, китобхонлик маданияти ва ёшларнинг адабиётга муносабати ҳақида сўз юритилди. Ижодкорлар ўзларининг талабалик даврлари ва бадиий асарлари ҳақида гапириб бердилар. Шунингдек, талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Меҳмонлар ўз дастхатлари туширилган асарларини университет кутубхонасига ҳамда фаол талаба-ёшларга туҳфа қилди.
Шундан сўнг тадбир қатнашчилари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида университет ҳудудида кўчат ўтқазди. Ўқув муассасасидаги “Беш муҳим ташаббус” маркази қошида ташкил этилган “Заковат” ва “Баҳс-мунозара” клублари фаолияти билан танишиб, талабалар бирга интеллектуал ўйинда иштирок этди.

– Мен бир гапни ўзимнинг набираларимга ҳам, бошқа ёшларга ҳам кўп айтаман – сизларнинг ўқишингиз, пухта билим олиб яхши мутахассис бўлишингиз учун яратилган шароит, имкониятлар биз учун орзу бўлган, шу жиҳатдан сизларга ҳавас қиламан, – деди Маматқул Ҳазратқулов. – Бу баландпарвоз гап эмас, ҳақиқат. Ва бундан самарали фойдаланган йигит-қизларнинг қандай натижаларга эришаётгани ҳам барчангизга яхши маълум. Демоқчиманки, ёшликнинг, талабалик даврининг қадрига етинг, шу пайтда ўрганганингиз, эгаллаган билимингиз сизга бир умр асқатади.

Лойиҳа доирасида ижодкорлар университет вакиллари билан биргаликда Жомбой туманидаги умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар билан ижодий учрашувларда қатнашди.

Ёшлар билан суҳбат талабалар турар жойида давом этди. Пойтахтдан келган ижодкорлар талабаларнинг яшаш шароити, орзу-интилишлари билан қизиқиб, уларга зарур тавсия ва маслаҳатлар бердилар. Кечки пайт гулхан атрофидаги ижодий учрашув ва мушоира ҳам узоқ вақт давом этди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари