Ижодий учрашув таассуротларга бой бўлди
Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Олий Мажлис сенати аъзоси Фармон Тошев иштирокида ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Ижодий учрашувда вилоят ҳокими маслаҳатчиси Январь Иноятов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ғ.Абдиев, фахрий журналистлар Ҳусан Темиров, Бўрибой Норқобилов ҳамда Қарши давлат университети профессорлари Абдураҳим Эркаев, Нафас Шодмонов иштирок этди.
Фармон Тошев Абдулла Орипов ҳақидаги хотиралари, шоирнинг шеърларидан илҳомланиб ёзилган “Қиёмат”, “Насиҳат” шеърларини ўқиб, таҳлил қилди.
[gallery-19848]
Тадбир давомида “18 октябрь – Самарқанд шаҳри куни” муносабати билан Фармон Тошев ижод мактабига Самарқанд вилояти ҳокимининг эсдалик совғаларини топширди.
Мактабнинг ижодкор ўқувчиларидан меҳмон шоирнинг юртдоши, самарқандлик ўқувчи Жавоҳир Абдурасулов ва Ҳикмат Бойқобилов томонидан ўқилган шеърий намуналар йиғилганлар томонидан эътироф этилди.
Ижодий учрашув сўнггида Фармон Тошев ўз ижод намуналари жамланган китобларидан давра суҳбати иштирокчиларига ҳамда мактаб кутубхонасига совға қилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбири