Ижодга ундаган Тошкент биенналеси
Миллий амалий санъатимиз ғоят бетакрор ва гўзал.
Шу йил 8-12 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Бадиий академияси, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари, бир қатор вазирлик ва идоралар, муассасалар ҳамкорлигида ўтказилган “Замонавий амалий санъат: декор ва услуб” номли III Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси буни яна бир карра намойиш этди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, халқ рассоми Акмал Нуриддинов давлатимиз раҳбарининг 2017 йилдаги «Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори шу йўналишдаги муҳим ҳужжат бўлганини таъкидлади. Қарор билан 2017 йилдан бошлаб халқаро амалий санъат биенналесини ўтказиш йўлга қўйилди, ушбу ҳужжат халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятига замонавий амалий санъат асарларини намойиш этиш, бу борада халқаро тажриба алмашинувини йўлга қўйишда катта имкониятларни яратди.
2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”га бағишланган ушбу биеннале нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Буни тадбирда 18 хорижий давлат - Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Россия, Беларусь, Украина, Болгария, Франция, Италия, Швеция, Австралия, Кения, Япония, Хитой Халқ Республикаси, Покистон,Туркия, Ўмон, Эрон каби мамлакатлардан жами 64 нафар амалий санъат устаси қатнашгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Республикамиздан 100 дан зиёд амалий санъат усталари ўз ижодини намойиш этди.
Беш кун давомида санъат ихлосмандлари дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган амалий санъат усталарининг беназир санъат намуналаридан баҳра олиб, ижодий мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш имконига эга бўлди.
Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси доирасида томошабинларга “Замонавий амалий безак санъати: безак ва услуб”, “Хаттотлик, наққошлик, миниатюра: мерос ва замонавийлик”, “Лойда жилваланган фантазия”, “Замонавий заргарлик санъати: ривожланиш тамойиллари”, “Замонавий санъатда бадиий ҳунармандчиликнинг поэтикаси”, “Ўзбекистон амалий безак санъати тарихидан”, "Япония замонавий амалий безак санъатидан лавҳалар", “Замонавий ганчкорлик: Тошкентлик усталар ижоди" номли кўргазмалар ҳавола этилди.
Шунингдек, биенналеда Ўзбекистоннинг таниқли усталари ва хорижлик қатнашчиларнинг маҳорат дарслари, илмий конференциялар, тақдимотлар, либослар намойишлари ўтказилди.
Миллий анъаналарни асраб-авайлаш, замонавий амалий санъат намуналарини халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятига тақдим этиш, унутилиб бораётган халқ анъаналари ва замонавий амалий санъатда рўй бераётган долзарб жараёнларни ўрганиш орқали турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга оид Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси санъатнинг жамиятимиздаги ўрнини юксалтиришга хизмат қилди.
Биеннале ҳакамлар ҳайъати аъзоларига Озарбайжон миллий фанлар академияси санъат ва архитектура институти директори Эртегин Саломзода, Бутунроссия декоратив санъат музейи директори Елена Титова,
ЮНЕСКОнинг Марказий Осиё бўйича халқаро эксперти Надежда Ждравкова каби нуфузли хорижлик вакиллар масъул этиб белгиланди.
Улар хулосасига кўра, 1- ўринга Зарафшон Шакардодова ва Дилмурод Шарипов (заргарлик, Тожикистон) сазовор бўлди. 2-ўринга Уболсин Дауленова (намат, Қозоғистон) муносиб топилди. 3- ўринни Ирина Лебедева (қуроқ устаси, Россия) қўлга киритди.
Биеннале Гран-присига Абдувоҳид Каримов (кулолчилик) муносиб топилди.
Шунингдек, 1-рағбатлантирувчи мукофот – Алексей Коваль (Украина);
2-рағбатлантирувчи мукофот – Илҳом Давлетов (Ўзбекистон);
3-рағбатлантирувчи мукофот – Ливиа Мароссо (Италия);
4-рағбатлантирувчи мукофот – Шорасул Шоахмедов;
5-рағбатлантирувчи мукофот – Раиса Раманеня (Беларусь);
6-рағбатланитрувчи мукофот – Сержан Баширов (Қозоғистон) каби ижодкорларга берилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқди.
Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси жаҳоннинг кўплаб ҳунармандларига ижод ва илҳом бағишлади.
[gallery-4654]
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири