Ижод ва илҳомнинг чексиз манбаи
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасида ижодий ташкилотлар "Дўстлар клуби"нинг "Сўз, оҳанг ва тасвир" туркум тадбири доирасида буюк шоир ва мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси раиси, халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори Ёқуб Аҳмедов, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, композитор, профессор Рустам Абдуллаев, Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси Иброҳим Валихўжаев, Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажидов ҳамда бир қатор ижодкорлар сўзга чиқиб А.Навоий ижоди ва унинг мусиқа, театр ҳамда рассомчиликда тутган ўрни ҳақида сўз юритдилар.
Дарҳақиқат, Навоий фаолиятининг адабиёт, ижтимоий ҳаёт, маънавият ривожидаги ўрни беқиёсдир. Айни пайтда шоир бобомизнинг ижодга, Ватанга, борлиққа муносабати барчамиз учун ибратдир.
– Алишер Навоийнинг маърифий мероси қанчадан-қанча ижодкорларга илҳом бағишлайди, – деди Ўзбекистон халқ рассоми Рустам Худойберганов. – Бу эса кўпгина бадиий асарларнинг юзага келишига ўзига хос туртки бўлмоқда.
Адабий кечага Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда ва бастакор Аҳмаджон Дадаев ижросидаги ашулалар янада файз бағишлади.
Н.Усмонова, ЎзА